ТОШКЕНТ, 20 дек — Sputnik. Польшанинг Econova компанияси Ўзбекистонда автомобил йўлларини қуриш ва таъмирлаш ишлари билан шуғулланади. Компания ҳозирда Ўзбекистонда янги қўшма корхонани ташкил қилиш ишларини ниҳоясига етказмоқда, хабар қилади Sputnik Ўзбекистон мухбирига Польша элчихонаси вакили.
Польша элчихонаси вакилининг сўзларига қараганда, польшаликлар анча вақтдан бери Ўзбекистон бозорига чиқишни режалаштиришаётган эди. Бунинг учун ҳатто махсус кампания ишлаб чиқилган. Кампания илк босқичида Тошкентда расмий ваколатхона очилган. У қўшма корхона тузилиши учун ўзбек ҳамкорларни излаш билан шуғулланган.
Янги корхона автомобил йўлларини қуриш ва таъмирлаш ишларига ихтисослашади. Суҳбатдошнинг фикрига кўра, Польша компанияси ушбу йўналишда катта тажрибага, ва энг муҳими, хусусий ишлаб чиқариш базасига эга.
"Қўшма корхона қайд этилди. 2016 йилнинг биринчи квартали якунига қадар Ўзбекистонга барча керакли жиҳозлар олиб келинади. Шундан сўнг компания фаол иш бошлайди. Ўзбекистондаги давлат органлари билан ушбу йўналишда маълум келишувлар бор", таъкидлайди элчихона вакили.
Ўзбекистонда 2016-йилда йўлларни таъмирлаш ишларига 2,8 триллион сўм ажратилади.
Ўзбекистонда 2018 йилнинг охирига қадар умумфойдаланувдаги автомобиль йўллари қурилиши, реконструкцияси ва таъмирланиши ишларига 2 миллиард доллардан зиёд чет эл кредити ва заёмлари жалб қилиниши белгиланган. Жаҳон банкининг 200 миллион доллар миқдоридаги маблағи ҳисобидан мамлакатнинг тўрт вилоятида автомобил йўллари тўлиқ таъмирланиши режалаштирилган.
Ўзбекистонда автомобил йўллари қурилиши ва таъмирлаш ишлари Жанубий Кореянинг POSCO, Озарбайжоннинг Akkord Industry, Испаниянинг Corsan-Corviam, емисларнинг GP Papenburg Baugesellschaft ва бошқа кўплаб чет эл компаниялари томонидан муваффақиятли амалга оширилиб келинмоқда.