ТОШКЕНТ, 18 дек — Sputnik. Россия Мудофаа Вазирлиги Туркия томонидан уриб туширилган Су-24 самолёти Туркия ҳаво чегарасини бузмаганлигини исботловчи далилларга эга. Бу ҳақда Россия Ҳаво космик кучлари бош қўмондони ўринбосари Сергей Дронов маълумот берди.
“Айни пайтда биз Россия самолёти Туркия ҳаво чегарасини бузмагани ҳақидаги барча керакли далилларга эгамиз”, — деди Дронов Мудофаа вазирлигида ўтказилган брифинг чоғида.
24 ноябр куни Туркия Ҳарбий кучлари Россиянинг Су-24 бомбардимончи самолётини уриб туширди. Россия президенти Путин Су-24 Туркиянинг F-16 самолёти “ҳаво-ҳаво” ракетаси орқали уриб туширилгани ва Туркия чегараси яқиннида қулагани ҳақида хабар қилди.
Россия Ҳарбий Кучлари Бош Қўмондонлик штаби Су-24 Туркия ҳаво чегарасини бузмаганлиги такрорлади. Бунга далил сифатида Сурия Ҳаво Мудофааси маълумотларини келтирди. Аммо Туркия Су-24 мамлакат ҳаво чегарасини бузган деган фикрини ўзгартирмади.
Ноҳуш ҳодиса натижасида битта учувчи ҳалок бўлди. Штурман омон қолишга муваффақ бўлди. Россия Анқарага етказилган зарар учун товон тўлаш ва узр сўраш талабини қўйди. Туркия эса ўз ҳаракатига чегарани ҳимоя қилганини асос қилиб кўрсатиб, Россия қўйган шартларни бажаришдан бош тортди.
Қуйида, уриб туширилган Су-24 самолётининг учиш траекториясини эътиборингизга ҳавола қиламиз. Инфографика Россия Мудофаа вазирлиги ва Туркия Қуролланган кучлари томонидан илгари сурилган фикрлар асосида чизилган.