ТОШКЕНТ, 17 дек — Sputnik. "Москва ва Анқара муносабатларида учинчи томон иштирокини таъкидлаш қийин, аммо Туркия раҳбарларидан бирортаси “америкаликларнинг битта жойини яламоқчи бўлган бўлса”, бу ҳаракат беҳуда кетганини айтмоқчиман, таъкидлади Россия президенти Владимир Путин анъанавий йирик матбуот-анжуманида.
Россия президенти, шунингдек, “Су-24” можароси юз бермасидан сал олдин Туркия Россиядан халқаро ҳуқуқлар контекстига мос тушмайдиган ўта нозик бир масалада ёрдам сўраганини айтди. “Қандай ёрдамлигини айтмайман, лекин ўта нозик бир масалада ёрдам сўрашган эди. Биз рози бўлган бир пайтда, туркларнинг қирувчи самолёти бомбардимончи самолётимизни уриб туширди. Буни қандай тушуниш керак?”
«Туркия томонидан самолётимизнинг уриб туширилишини — душманлик акти, деб биламан. Аммо шунда ҳам ҳамкорликдан воз кечмаган эдик. Бизга нима “тегиб” кетганини биласизми? Наҳот, гўшакни олиб, ўша ҳудудда зарба бермаслигимизни сўраш шунчалик қийин эди? Самолётимизни уриб тушириш уларга нимага керак бўлди, билмайман. Нима, улар бизни қочиб кетади, деб ўйлаганмиди? Россия — улар ўйлаган давлат эмас», — деди Путин.
Президентнинг сўзларига қараганда, Россия "Су-24 можароси"дан сўнг Суриядаги фаолиятини янада кенгайтирган. “Сурияга С-400 тизимини олиб кирдик”, — таъкидлади у.
«Туркия ҳар доим Сурия ҳаво чегарасини бузиб келган. Мана энди учиб кўришсин. Туркия раҳбарлари орасида кимдир америкаликларнинг битта жойини яламоқчи бўлган бўлса… Билмадим, америкаликларда бу керакмиди… Ҳар қандай ҳолатда, улар ҳаммани ноўнғай ҳолатга қўйди”, деди Путин.