ТОШКЕНТ, 16 дек — Sputnik. Австралиялик тиббиётчилар инсон вафотининг вақти ва сабабини тўғри аниқлайдиган дастурни яратдилар. Дастур уяли алоқа воситалари учун мўлжалланган. Кашфиёт Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотига инсонлар нима сабабдан ва қай тарзда дунёдан кўз юмишини кузатиш имконини беради, хабар қилади РИА Новости BMC Medicine журналида чоп этилган мақола асосида.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти статистик маълумотларига кўра, Ер юзида ҳар уч кишидан иккисининг ўлими сабаблари ноаниқлигича қолмоқда.
“Чўнтак патологоанатоми” вазифасини бажарувчи дастур ихтирочиси австралиялик Алан Лопеснинг сўзларига қараганда, қашшоқ мамлакатларнинг аксариятида киши ўлими сабабини аниқлаш учун махсус лицензияга эга шифокорни ёллаш лозим. Аммо ҳаммада ҳам бунга имкон йўқлиги боис, аксарият ўлимлар сабаби ноаниқлигича қолмоқда.
"Мисол учун, киши безгак касаллиги туфайли ўлим бирор марта қайд этилмаган мамлакатда яшайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эса ушбу давлатга айнан безгак касаллигига қарши кураш учун катта маблағ ажратилган. Ўлим сабаблари ҳақидаги аниқ маълумот соғлиқни сақлаш бўйича кўрилаётган чора тадбирлар нақадар самарадор эканлигини аниқлаш учун муҳим. Янги ихтиро этилган дастур ёрдамида эса шундай маълумотга оз ҳаражат эвазига эга бўлиш мумкин, — дея ўз гапини якунлайди Лопес.
Лопеснинг айтишича, дастур Ҳиндистон, Филиппин, Мексика, Танзания, Шри-Ланка каби бир қатор ривожланаётган давлатларда синовдан муваффақиятли ўтган.