ТОШКЕНТ, 10 дек – Sputnik. "Мазкур Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдан кўзланган асосий мақсад давлат бошқаруви органлари фаолияти ошкоралигини таъминлаш, фуқаролар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи электрон ҳукумат тизимини жорий қилиш ва самарадорлигини оширишдан иборат", Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати хабарига кўра.
– Таъкидлаш жоизки, қонун лойиҳаси тайёрлашнинг дастлабки босқичида экспертлар доирасида кенг муҳокама қилинди, миллий ва хорижий мутахассислар иштирокида бир қатор тадбирлар ўтказилди, – дейди Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси Шухрат Шарафутдинов. – Унда халқаро қонунчиликнинг концептуал жиҳатлари ва электрон ҳукумат тизимларини ривожлантиришда сезиларли натижаларга эришган АҚШ, Германия, Австрия, Корея Республикасининг илғор тажрибаси ҳисобга олинган.
Ушбу соҳани ҳуқуқий тартибга солишни янада такомиллаштириш мақсадида қонун лойиҳасида ижро варақасини ёки ижро ҳужжати кучига ҳам эга бўлган суд буйруғини судьянинг рақамли электрон имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзида ахборот тизими орқали юбориш назарда тутилмоқда. Хусусан, таклиф этилаётган қўшимча ижро варақасини ёки суд буйруғини давлат солиқ хизмати органларига электрон алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда юбориш имконини беради, ўз навбатида, шу тарзда уни мажбурий ижро учун тақдим этадилар.
Парламент аъзолари таъкидладиларки, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши суд ишларини юритиш тезкорлигини оширишга, суд харажатлари, ижро ҳужжатининг ижрога қаратилиши вақти қисқартирилишига, шунингдек АКТ қўлланилишининг кенгайишига кўмаклашади.
Шунингдек, мажлис давомида депутатлар Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги бир қатор қонун лойиҳаларини ҳам кўриб чиқдилар.