ТОШКЕНТ, 8 дек — Sputnik. Француз олими Паскал Котт Леонардо да Винчининг энг машҳур "Мона Лиза" ("Жоконда") асари тубида яна бир яширин портретни аниқлади. Яширин суратда сирли табассум ва нигоҳдан асар ҳам йўқ.
Паскал Котт ноёб фотокамера ёрдамида асарни ўрганиб, олган маълумотларни ўрганиш учун 10 йилдан зиёд вақт сарфлади.
Олим томонидан ўтказилган реконструкция ишлари натижасида бошқа бир сурат тикланди. Унда модел нигоҳи ён томонга қаратилган ва у 5 асрдан бери санъат иштиёқмандларига тинчлик бермай келаётган, барчани ром айлаган сирли табассум ва нигоҳ соҳибаси эмас.
Сўнгги 50 йил мобайнида, "Мона Лиза" устида турли илмий тажрибалар ўтказилди. Энг сўнгги тажрибаларда ҳатто инфрақизил ва мултиспектрал сканерлашдан фойдаланилди. Паскаль Котт таъкидига кўра, у фойдаланган аппаратура асарни янада чуқур ўрганишга ёрдам беради.
"Биз эндиликда бўёқ қатламларида нималар рўй бераётганини аниқ таҳлил қила оламиз. Қатламларни остига "назар ташлаш" натижасида, асар яратилиши хронологиясини тиклашимиз мумкин”, — дейди франциялик санъатшунос.
Аммо Паскал Котт билдираётган хулосалар ҳамма олимларга ҳам хуш ёқаётгани йўқ. Кимлардир, санъатшунос янгилиги “аср воқеаси” бўлганини эътироф этиб, машҳур “Жоконда” билан энди видолашишга тўғри келиши айтишаётган бўлса, кимлардир “Мона Лиза” ҳамиша “Мона Лиза”лигича қолишини таъкидлашмоқда.