ТОШКЕНТ, 4 дек — Sputnik. Грузия президенти Георгий Маргвелашвили мамлакатнинг собиқ президенти Михаил Саакашвилини фуқароликдан маҳрум қилишга фармон чиқарди.
Маргвелашвили 2013 йил ноябрида президентлик курсисини эгаллаши билан, Саакашвили Грузияни тарк этди. Кўп ўтмай, Грузия Бош прокуратураси Саакашвилига сиртдан бир қанча жиноий айбловлар эълон қилди. Собиқ президент, давлат бюджетидан 5 миллион долларга яқин маблағни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганлиги маълум бўлди ва у мамлакат ичида қидирувга берилди.
"Бошқа мамлакат фуқаролигини қабул қилганлиги сабаб, бошқа фуқаролар билан бир қаторда, Михаил Саакашвили ҳам Грузия фуқаролидан маҳрум қилинди", — дейилади президент фармонида.
Экс-президент сафдошлари, яъни мухолифат партия вакиллари, ҳукумат 2016 йилнинг куз ойида ўтказиладиган парламент сайловларида ютқазиб қўйишдан қўркиб, шундай қилганини таъкидламоқда.
Грузия Адлия вазирлиги раҳбари Тея Цулукиани бунга жавобан, Саакашвили Украина паспортини олганлиги ҳақида расмий ҳужжат келганини маълум қилди.
Гап шундаки, Грузия қонунларига мувофиқ, агар Грузия фуқароси бошқа мамлакат фуқаролигини қабул қилса, автоматик тарзда Грузия фуқаролигидан маҳрум қилинади. Аммо бу учун баъзи расмий тартиб амалга оширилиши керак. Жумладан, Адлия вазирлиги махсус хизмати Саакашвилининг фуқаролиги иши юзасидан хулоса чиқариб, мамлакат президентидан уни фуқароликдан маҳрум қилишини сўраб, илтимоснома йўллаши, президент эса, ўз навбатида, бу ҳужжатни тасдиқлаши лозим.