ТОШКЕНТ, 1 дек — Sputnik. Турк қирувчи самолёти томонидан Сурия ҳудуди яқинида уриб туширилган Су-24 Россия ҳарбий самолёти билан боғлиқ можародан сўнг, АҚШ Президенти Барак Обама турк етакчиси Тойип Эрдўғон билан Россия ва Туркия ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш иложи бор-йўқлигини муҳокама қилди, дея хабар қилади РИА Новости Рейтер маълумотига таянган ҳолда.
Америка етакчиси, Туркия ўзини ҳимоя қилишга ҳақли, деган фикрни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Эрдўғоннинг фикрига кўра, Россия бомбардимончи самолёти билан боғлиқ можародан сўнг, ўзаро муносабатларда юзага келган инқирозни дипломатик йўл билан бартараф этган маъқул. Туркия Россияни ҳозирга қадар ўзининг стратегик ҳамкорларидан бири деб ҳисоблайди.
“Обама жаноблари билан биргаликда, Россия билан юзага келган ҳолатни муҳокама қилдик. Туркия муносабатлардаги инқирозни дипломатик йўл билан бартараф этиш тарафдори”, — деди Эрдўғон.
Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Су-24 самолёти Сурия осмонида Туркия ҳаво кучлари томонидан уриб туширилган. Туркия ҳукумати Россия бомбардимончи самолёти экипажи огоҳлантиришларга қарамасдан, Туркия чегарасини бузиб ўтган, деган фикрда қолмоқда. Ўз фикрини исботловчи далилларни эса келтиролганича йўқ. НАТО ҳам, бу борада, Туркия фикрига қўшилмоқда.
Рейтер маълумотига кўра, Вашингтон, Россия самолёти Сурия осмонида уриб туширилганини тасдиқловчи маълумотларга эга, аммо бу хабар Пентагон томонидан расман тасдиқланмаган.