ТОШКЕНТ, 11 ноя — Sputnik. Шимолий Кореянинг футбол бўйича терма жамоаси Ўзбекистонга фақат ғалаба учун келди, деди матбуот конференциясида Шимолий Корея бош тренери Ким Чанг Бок, Ўзбекистон футбол федерацияси хабари асосида.
Тренернинг сўзларига қараганда, унинг жамоаси майдонда Ўзбекистон вакиллари билан учрашишга таёр. “Олдиндаги матчга биз жуда яхши таёргарлик кўрдик ва Тошкентга ғалаба қозониш учун келдик” – деди КХДР жамоа мураббийи.
Ўзбекистон жамоасида содир бўлган ўзгаришларга изоҳ бериб Кореялик тренер уларга қарши ёш футболчилар майдонга чиқишини таъкидлади.
“Мен 16, 16, 19 номерлар остида майдонга чиқадиган футболчилар ҳақида гапираяпман. Пхеняндаги ўйинда Ўзбекистон жамоаси таркибида тажрибали футболчилар ўйнаган эди. Ўшанда асосий эътибор ўйин техникасига қаратилган эди. Ҳозир бўлса рақиб таркибида бир неча ёш футболчиларни кўраяпмиз, улар албатта жамоа ўйин динамикаси ва тезлигини оширади”, — деди у.
Кореялик мураббий рақибнинг кучли ва кучсиз томонлари ҳақида гапиришни истамади. У фақатгина “олдин жамоа тўпни майдон марказида ушлаб туришга ҳаракат қиларди. Ҳозир бўлса тез ва агрессив футбол ўйнашга ҳаракат қилмоқда. Ундан ташқари жамоада тренер ўзгарди, бу ўз навбатида, янги тактика киритилишини англатади”, — деди.
Шунингдек, мураббийи мухлислар омили ҳам ўйинга бевосита таъсир ўтказиши мумкин эканини таъкидлади. “Яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки, эртага Ўзбекистон ўз майдонида ўйнайди ва мухлислар уларни қўллаб-қувватлаб туради. Биз мухлислар босимини енгиб ўта олсак, ўйлайманки, яхши натижага эриша оламиз”.
Ким Чанг Бокнинг айтишича, эртанги ўйинда унинг жамоаси ғалаба учун ўйнайди, шунга қарамай, агар ўйинда дуранг натижа қайд этилса ҳам буни қониқарли натижа сифатида қабул қилади.