ТОШКЕНТ, 30 окт — Sputnik. Бугун Тожикистон пойтахти Душанбеда МДҲ давлатлари бош вазирлари учрашуви бўлиб ўтмоқда. Учрашувда Ўзбекистондан бош вазир ўринбосари Адхам Икромов қатнашмоқда.
Учрашув кун тартибида ҳамкорликнинг турли соҳаларига бағишланган 33 масала қўйилган. Улар орасида ҳаво ҳужумидан ҳимояланиш, ижтимоий ва иқтисодий алоқалар ва ҳуқуқни сақлаш масалаларига доир масалалар бор.
Хусусан, МДҲ бош вазирлари 2011 йил 18 октябрда қабул қилинган Эркин савдо зонаси ҳақидаги шартноманининг амалда қўллаш масалаларини ва 2020 йилгача бўлган муддатда МДҲ иқтисодий ривожланишининг 3 босқичини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашувда МДҲ давлатлари Мудофаа вазирликлари қошида бирлашган ҳаво мудофаа тизимини тузишнинг молиявий масалалари, ҳаво мудофаа фаолиятини ўзаро мувофиқлаштириш қўмитаси ишини таъминлаш масалаларига бағишланган ҳужжатлар имзоланди.
Ундан ташқари яна бир қатор ҳужжатлар имзоланди. Улар орасида фавқулодда ҳолатлар оқибатларини бартараф этишда ўзаро ҳамкорлик қилиш, МДҲ халқаро алоқа операторлари орасида ўзаро ҳисоб-китоб қилиш шартлари ва 2020 йилгача табий газни транспорт воситаларида мотор ёнилғиси сифатида ишлатишни қўллаб-қувватлаш учун чоралар кўриш ҳақидаги ҳужжатлар бор.
МДҲ бош вазирларининг кейинги саммити 2016 йил май ойида режалаштирилган.