Андрей Казанцев, Москва Давлат Халқаро Алоқалар Институти (МГИМО) Таҳлилий маркази директори.
Қирғизистон ва Ўзбекистон
Жон Керрининг Қирғизистонга ташрифи АҚШ ва Қирғизистон мунособатларининг мураккаб босқичида бўлиб ўтмоқда. Қирғизистон президенти Атамбаев АҚШга қаратилган адоватли баёнотлар қилмоқда. Ундан ташқари, Қирғизистон Манас аэропортида жойлашган америка ҳарбий базасини ёпди ва Евроосиё Иттифоқига аъзо бўлди. Бу эса, ўз навбатида, ушбу йўналишда Вашингтон сиёсати устидан Москва ғалабасини билдиради.
Ушбу мамлакатда ҳозирги кунда икки мамлакат катта таъсирга эга: Россия ва Хитой. Хитой асосан иқтисодий йўналишда, америка таъсири эса анча сусайган.
Ташрифнинг асосий сиёсий воқеаси Самарқандда бўлиб ўтади. У ерда Керри Ўрта Осиёнинг беш мамлакати ТИВлари билан учрашади. Бу янги формат “С5+1” дейилади, яъни: беш Ўрта Осиё мамлакати ва АҚШ. Ушбу формат регионда сусайиб бораётган АҚШ таъсирини кучайтиришга қаратилган. Ўрта Осиёда Россия ва айниқса Хитой таъсири кучайиб, АҚШни сиқиб чиқармоқда.
Албатта, Керри Ўзбекистон вакиллари билан учрашади. Ўзбекистон регионда АҚШдан энг кўп ҳарбий ёрдам олувчи мамлакатлардан бири. Бу эса, Афғонистон шимолидаги нотинч вазиятни ҳисобга олганда — жуда муҳим масала. Вашингтон Тошкентнинг, Россия атрофида ташкил қилинган ОДКБ ва ЕАЭС каби ташкилотларга аъзо бўлмасдан, Москва ва Пекиндан ўз мустақиллигини сақлаб қолишга қаратилган тиришқоқлигига юқори баҳо беради. Шундай бўлишига қарамасдан, Ўзбекистон ҳукумати, АҚШ билан “яқин мунособатлар”га киришишга қарши. Бунинг сабаби, Ўзбекистон ҳукумати, бир неча йил олдин ислом дини экстремистлари томонидан ташкил қилинган Андижон воқеаларида чет давлатларнинг, хусусан АҚШнинг қўли бор, деб баҳоламоқда.
Қозоғистон
Керрининг яна бир бекати бу Остона бўлади. У ерда Керри, Америка — Қозоғистон стратегик диалоги доирасида учрашув ўтказади ва Ўрта Осиёнинг дунёдаги ўрни ҳақида гапиради.
Шу ўринда айтиш жоизки, яқинда БМТ саммити вақтида Назарбоев ва Обаманинг учрашуви бўлиб ўтди. Ушбу учрашувдан кейин Обама “Қозоғистон АҚШнинг Ўрта Осиёдаги муҳим ҳамкори” деб эълон қилинди. Қозоғистон, Евроосиё Иттифоқининг энг фаол аъзоси бўлишига қарамасдан, АҚШ билан мунособатларини ўзининг “кўп йўналишли” ташқи сиёсати доирасида сақлаб келмоқда.
Шу ўринда, АҚШ ва Қозоғистон мунособатларини бир сўз билан айтганда “прагматик”, яъни “ҳисоб-китобли” дейиш мумкин. Қозоғистон ва АҚШ мунособатларида ҳеч қандай узоқ муддатли стратегик ҳамкорлик кўзда тутилмаган, гап фақат ўзаро иқтисодий мунособатлар ва регионда хавфсизликни сақлаш масалалари ҳақида кетаяпти.
Туркманистон
Ашхобод ва Душанбеда ушбу мамлакатлар раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтади.
Керрининг Туркманистондаги учрашуви қизиқ натижаларга олиб келиши мумкин. Яқинда Ашхобод ташқи сиёсатга алоқадор бўлган бир неча ҳаракатлар қилди. Кўпчилик ушбу ҳаракатларни АҚШ фойдасига ва Россияга қарши қаратилган деб баҳолади. Путин билан бўлиб ўтган учрашувдан кейин, Қозоғистон президенти Назарбоев, барчани туркман-афғон чегарасидаги нотинчлик безовта қилаётганини айтди. Туркманистон ТИВ бўлса, бу йўналишда ҳеч қандай хавф йўқ деб норозилик нотаси билан чиқди. Кўпчиллик, ушбу кескин намойишкорона дипломатик ҳаракатни, Остонага ўз ўрнини кўрсатиш ва “бизни ишимизга аралашма” дейиш, деб баҳолади. Албатта бу бир томондан Москвага ҳам таалуқли.
Шу билан бир пайтда, Туркманистон ТИВ АҚШда хавфсизлик масалалари бўйича музокаралар олиб борди. Бу борада экспертлар, халқаро бетараф мавқэга эга бўлган Туркманистон раҳбарияти, АҚШдан ўз хавфсизлигига кафолат олмоқчи ва унга жавобан Америкага “Мари-2” ҳарбий аэродромини фойдаланишга топширмоқчи, деган асосли хулосалар чиқаришди. АҚШ узоқ вақтлардан бери ушбу ҳарбий объектга қизиқиш уйғотаётган эди. ундан ташқари Ашхобод “ТАПИ” газ ўтказгичини “қайта тирилтирди”. ТАПИ – Туркманистон – Афғонистон – Покистон – Ҳиндистон мамлакатлари орасида режалаштирилган газ ўтказгич. Уни амалга ошириш учун, албатта, ҳозирги кунда Афғонистонда ягона жидий ҳарбий куч бўлган — АҚШ кафолати керак.
Устига устак, Туркманистон ҳукуматининг Япония билан маълум даражада “уйин” олиб бориши, ва ТАПИ газ ўтказгичи учун зарур бўлган газ конини Хитой ўрнига Японияга беришга қаратилган ҳаракатлари ҳам, АҚШ томонига қаратилган яна бир қадам сифатида баҳоланмоқда.
Ушбу омиллар асосида, экспертлар орасида шундай хулоса чиқарилди: Ашхобод АҚШдан ўз хавфсизлигига кафолат олиб, Москвадан ҳам Пекиндан ҳам масофа сақлаб турмоқчи. Иқтисоддаги Хитой таъсирини қисман Японияга алмаштирмоқчи. Керрининг ташрифи, ушбу мулоҳазалар тўғри ёки нотўғри эканлигини кўрсатади.
Нима бўлганда ҳам юқорида келтирилган қалтис режанинг амалага ошиши анча мушкул масала, чунки ғарбда “сталин Диснейленди” номини олган мамлакат билан, АҚШ ўзини чамбарчас боғлашига ишониш амримаҳол. Ундан ташқари америкаликларнинг Афғонистондаги вазиятга ва оқибатда “Мари-2” ҳарбий аэродромига ҳам, қизиқиши сусайиб бормоқда. Агар воқеа шу йўналишда кетса, туркман-афғон чегарасида жиддий нотинчлик бўлиши кутилаётган бир пайтда, Туркманистон қимматбаҳо вақтни йўқотиши мумкин.
Тожикистон
Тожикистон Евроосиё Иттифоқига кириб Россия билан ўзини боғлаш ёки “кўп қиррали” ташқи сиёсатни сақлаб қолишни ҳал қилаётган бир пайтда, Керри ташриф буюрмоқда. Эслатиб ўтамиз, Тожикистон ОДКБга аъзо бўлиб Россиядан аллақачон хавфсизлик кафолатига эга бўлган. Вашингтон Душанбега “кўп қиррали” ташқи сиёсатни сақлаб қолишборасида турли таклифлар қилиш эҳтимоли жуда катта.
Умуман олганда Керрининг Ўрта Осиёга ташрифи жуда мураккаб вазиятда ўтмоқда. Яқин кунларгача АҚШ Ўрта Осиё билан “Афғонистон муаммоси” туфайли қизиқаётган эди, энди бўлса Оқ уй сиёсатида Россия масаласи биринчи ўринга чиқмоқда. Хусусан АҚШ сиёсати Россиянинг собиқ Иттифоқ ҳудудидаги таъсирини чеклашга қаратилган.
Шу билдан бир вақтда АҚШ учун Ўрта Осиёда халқаро терроррчиликка қарши кураш ва Хитой таъсирини чеклаш ҳам зарур масалалар қаторидан жой олган.
Муаллиф нуқтаи назари таҳририят нуқтаи назарига мос тушмаслиги мумкин.