ТОШКЕНТ, 14 окт — Sputnik. Ўзбекистонлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари чоршанба куни Жалолиддин Қодировнинг Twitter орқали ёрдам сўраб ёзган хабарини тарқатдилар. Хабарга кўра, ушбу фуқаро “Ислом давлати” террорчилик ташкилотида асирликда эканлигини, ушбу ташкилот жангарилари ундан Сурияга бориб жанг қилишни талаб қилаётганлигини айтиб, уни қутқаришни сўраган.
Ўзини Жалолиддин Қодиров деб таништирган Twitter фойдаланувчиси, 8 октябр куни, ватандоши уни алдаб Туркиянинг Хатай шаҳрига олиб борганини ва ИД жангариларига сотганини айтган. Жалолиддиннинг сўзларига қараганда, Ислом Зокиров деган ўзбек бола билан Telegram дастури орқали танишган. Исломнинг ёши 20-22 ларда, сариқроқ, Фарғонанинг Киргили деган жойидан экан.
“Акалар илтимос прократурага телефон қилиб, менга ёрдам беринглар. Менинг исмим Қодиров Жалолдин, тезда қутқармасанглар ўлдирворишади” — деган хабар қолдирган.
Унинг гапларига қараганда икки маротаба қочмоқчи бўлганида ушлаб олиб уришган. Ушанда қовурға ва оёғи синган, шунинг учун уни урушга олишмаган. Ҳозир яралари яхши бўлган, яқин кунларда урушга олиб кетишлари мумкин экан.
“Урушга бормасам отиб ташлашаркан, иккта туркман болани бугун отворишди, илтимос ёрдам беринглар, посолствагаям хат ёздим”, деган яна бир хабарида.
“Туркиядаги Ўзбекистон элчихонаси ушбу хабарлардан кейин Қодировни топиш ва ушбу ҳикояни текшириш учун Туркия ҳукумати билан боғланди”, — centralasiaonline.com хабарига кўра.
Шуни айтиш керакки, охирги пайтларда ОАВда ИД сафида алдов ва қўрқитиш орқли жанг қилаётган, портловчи моддалар тўлдирилган машинага миниб ўзини қурбон қилаётган жуда ёш Ўрта Осиёлик ўсмирлар ҳақида кўплаб хабарлар пайдо бўлмоқда. Бу эса ўз яқинларимизга, айниқса яхши-ёмонни ҳали тушуниб етмаган ёшлаларга кўпроқ эътибор бериш кераклигини, уларни қаровсиз қолдирмасликни, яна бир бор эсимизга солади.
Ислом давлати” террорчилар ташкилоти дунё хавфсизлигига таҳдид солаётган энг катта хавфлардан бири бўлиб қолмоқда. Улар қисқа вақт ичида Ироқ ва Сурия ҳудудида катта майдонларни эгаллаб олишди. Жангарилар сони 50 мингда 200 минггача дейилмоқда.
@Eshittizmi акалар илтимос пракратурага телефон қилиб манга ёрдам берилар мани исмим Қодиров Жалолдин ака тезда қутқармаселар ўлдирворишади
— yordamkerak (@yordamberilar) 8 октября 2015