ТОШКЕНТ, 9 окт – Sputnik. 24 сентябрда Макка яқинидаги Мина водийсида рўй берган тиқилинч қурбонлари сони аввал эълон қилинганидан икки бараварга ошиши мумкин, деб хабар берди РИА Новости, АП агентлиги хабари асосида.
Саудия Арабистони ҳукумати қурбон бўлганлар сони ҳақида янгиланган хабарларни 26 сентябрдан буён тарқатмаган эди. Уларнинг охирги хабарига кўра тиқилинчда 769 киши қурбон бўлган ва 863 киши жароҳатланган.Фожеа куни қурбон бўлганлар орасида дунёнинг юздан зиёд мамлакатлари фуқаролари бор.
Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлиги 18 мамлакатдан олган расмий маълумотлар асосида қурбонлар сонини ҳисоблаб чиқди. АП ҳисобига кўра фожеа қурбонлари сони 1453 кишини ташкил қилди. Улар орасида Эрондан – 465 киши, Мисрдан — 148 киши, Индонезиядан — 120 киши, Нигериядан – 99 ва бошқа мамлакат зиёратчилари бор.
Эслатиб ўтамиз, ушбу фожеа Мина водийсида “Шайтонга тош отиш маросими” ўтказиладиган майдонда содир бўлганди. Унда зиёратчиларнинг икки улкан оқими кичик майдончада тўқнашиб кетиши оқибатида фожеали тиқилинч юз берганди.
Олдин хабар берганимиздек, ушбу фожеада Эрон бош раҳбари аятулла Али Хоменеи Саудия Арабистони раҳбариятини қаттиқ қоралаб, “700 дан зиёд одамнинг умрига зомин бўлган фожеага Саудия Арабистони раҳбариятининг бефарқлиги ва нотўғри ҳатти-ҳаракати сабаб бўлди”, деганди.