ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. Бетакрор ва ёрқин образлари билан халқимиз қалбидан чуқур жой олган, истеъдодли театр ва кино актёри Обид Юнусов бугун, 21 сентябр Тошкентда вафот этди, Ўзбекистон республикаси Маданият ва Спорт ишлари вазирлиги хабарига кўра.
Обид Юнусов 1934 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1956 йилда Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг актёрлик факултетида ўқиди. Ўқишдан кейин Ҳамза Ўзбек давлат академик драма театрида 1996 йилга қадар ишлади. Ўзининг салкам 40 йил давом этган актерлик ижоди давомида Обид ака Юнусов юздан зиёд турли қиёфага ва дунёқарашга эга бўлган, турли миллатга мансуб образларни яратди.
Бу театрда ғарб, шарқ, рус ва ўзбек драматургиясининг ноёб дурдоналари саҳна юзини кўрган. Уларнинг кўпчилигидаги бош роллар Обид Юнусовга ишониб топширилган, актёр уларни қиёмига етказиб ўйнаб, театр ижодий жамоасининг ишончини оқлаган.
Розовнинг "Оқшомдан тушгача" драмасидаги Кирилл, Уйғуннинг "Парвона" комедиясидаги Ўткурий ва Ш.Холмирзаэвнинг "Қора камар" драмасидаги Эшон образлари Обид Юнусов истеъдодини ёрқин намоён этади. Бу образлар айни пайтда актёр ижодининг етук намунаси, ўзбек театр санъатининг катта ютуғи ҳисобланади.
Обид Юнусов кинода Юнус (Хачатуров, "Тўйлар муборак", 1978), Абдулла (Р.Муҳаммаджонов, М.Абзалов "Чинор остидаги дуэл", 1978), Асқар (С.Аҳмад, М.Абзалов, "Келинлар кўзғолони"), Мулладўст (Ҳамза, М.Абзалов,"Майсаранинг иши", 1988) каби 30 дан ортиқ пухта ва тўлақонли образлар яратди. "Ўзбекфилм" киностудиясида узоқ йиллар дубляжда фаол қатнашиб, 1000 дан ортиқ филмларга овоз берди.
Иқтидорли театр ва кино актёри Обид Юнусовнинг санъатдаги хизматлари муносиб тақдирланди. 1987 йилда унга "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони берилди. 1988 йилда у Республика Давлат мукофотига сазовор бўлди. 1994 йилда актёрнинг 60 ёшлик тўйи нишонланди.
Обид Юнусовнинг ижодий изланишлари, у яратган бетакрор образлар, ўзбек театр ва киносига қўшган муносиб ҳиссаси халқимиз қалбида сақланиб қолади.