ТОШКЕНТ, 11 сен — Sputnik. Ўзбекистон — ранг-баранг матолар, жозибали қизлар ва бебош ранглар мамлакати, ҳар қандай стилист учун бу ер ҳақиқий Макка — деди, Тошкентга 3 кунга келган италиялик сартарош-стилист.
Карло Бай Ўзбекистонлик 120 нафар сартарошга соч қирқиш, соч турмаклаш бўйича семинарлар ўтказади.
“Европаликлар учун Ўзбекистон жуда ғайриоддий, айниқса менинг ҳамкасабаларим учун. Ёрқин ранглар, ажойиб шарқона матолар – буларнинг ҳаммаси жуда табиий кўринади, айниқса узун сочли аёллар эгнида. Мен калта кесилган сочларни жуда кам кўрдим” — деди италиялик стилист Sputnik мухбирига.
Унинг фикрича, ўзбек аёлларининг айни мана шу – табий рангли узун сочларни ёқтириш хусусияти, Ўзбекистонни ҳар қандай стилист ижоди учун қизиқарли жойга айлантиради.
“Ўзбекистонга ўхшаган кўп миллатли мамлакатларда, инсон жисмининг ўзига хос уйғунлиги пайдо бўлади. Ўнлаб миллатлар бирлиги таажжубли натижа келтириб чиқаради – ўзбек аёллари жуда хушқад, жозибали. Шу билан бирга улар табиий гўзалликни ёқтиришади. Бундай чиройни фақат бир жуфт ёрқин чизиқ билан ифодалаш керак холос” — дейди Бай.
Ташриф давомида мастер-класслар ташкил қилиниб, унда италиялик стилист ўз қўли билан, бир неча эсда қоладиган соч турмаги ясаб кўрсатди.
Карло Бай ва ўзбекистонлик Fabienne Inter Group вакиллари йил охиригача, италиянинг KROM бренди остида, соч парваришлайдиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга келишиб олишди.
Карло Бай дунёнинг етакчи дизайнер ва мода уйлари билан ишлайди, Флоренцияда Сартарошлик академиясини ташкил қилган. Дунёнинг турли бурчакларида, 30дан ортиқ Carlo Bay номли хусусий сартарошхоналари фаолият кўрсатмоқда.