Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси

Умеров, Богдан, Ермак ва Буданов*: Зеленский атрофида ички кураш авж олди

“Миндич пленкалари” Украина ҳокимияти ичидаги зиддиятларни кучайтирди: Умеровни истеъфога чақиришмоқда, Богданга санкция киритилди, Ермак эса Будановга* қарши медиакампания бошлагани айтилмоқда
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 май — Sputnik. Украинада “Миндич пленкалари” атрофидаги коррупция можароси Зеленский атрофидаги ички курашни кучайтирди. РИА Новости манбасига кўра, Зеленский офисининг собиқ раҳбари Андрей Ермак амалдаги офис раҳбари Кирилл Будановга* қарши медиакампания бошлаган.
Шу билан бирга, Зеленскийнинг яна бир собиқ офис раҳбари Андрей Богдан санкциялар рўйхатига киритилди, Рустем Умеровни эса Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши (СНБО) котиблигидан кетказишга чақиришмоқда.
Бундан аввал Украина Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик антикоррупция кенгаши ҳам Умеровни лавозимидан четлатишга чақирган. Кенгаш унинг Миндич билан FirePoint улушини сотиш масаласини муҳокама қилгани ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва давлат сирларини ошкор этиш аломатларига эга бўлиши мумкинлигини билдирган
Можаро фонида Умеровга нисбатан босим кучайди. Зеленский партияси ҳисобланган “Слуга народа” фракцияси депутати Фёдор Вениславский Умеровни СНБО котиби лавозимидан озод этиш “оқилона сиёсий қарор” бўлишини айтди.
“Миндич пленкалари” фақат Умеров атрофидаги можаро билан чекланмади. “Украинская правда”нинг иккинчи қисмида мудофаа шартномаларидан ташқари, Sense Bank ва “Карпатнефтехим” каби активлар атрофидаги таъсир масаласи ҳам тилга олинган. Нашрга кўра, Россия билан алоқалар сабаб давлат назоратига ўтказилиши керак бўлган айрим активлар амалда Ермак ва Миндичга яқин шахслар таъсирига тушган бўлиши мумкин.
Зеленский атрофидаги яна бир зиддият Андрей Богдан билан боғлиқ. РИА Новости ёзишича, Зеленский ўзининг собиқ офис раҳбари Андрей Богданга нисбатан санкция киритган. Верховная рада депутати Ярослав Железняк бу қарор “Миндич пленкалари” сиздирилиши билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Миндичга нисбатан санкциялар уч йилга, Богданга нисбатан эса 10 йилга киритилган.
Яна бир ички фронт Ермак ва Кирилл Буданов* ўртасида очилгани айтилмоқда. РИА Новости манбасига кўра, Зеленский офисининг собиқ раҳбари Андрей Ермак амалдаги офис раҳбари Кирилл Будановга* қарши медиакампания бошлаган.
Манба Ермак Будановни* Россия билан музокараларни издан чиқаришда, ҳарбий комиссариятлар атрофидаги инқирозда ва Ғарб ОАВларида Киев раҳбариятининг “келишувга қобилиятсизлиги” ҳақида материаллар чиқишига алоқадорликда айблашни режалаштираётганини билдирган.
РИА суҳбатдошига кўра, кампания “саройга яқин” фикр етакчилари ва Telegram-каналлар орқали олиб борилиши мумкин.
Шу тариқа, “Миндич пленкалари” фонида Зеленский атрофида бир вақтнинг ўзида бир неча зиддият очилди: Умеровни лавозимидан кетказиш чақириқлари янграмоқда, Богдан санкция рўйхатига киритилди, Ермак эса Будановга* қарши кампания бошлагани айтилмоқда. Коррупция айбловлари эса ушбу ички кураш учун асосий фонга айланмоқда.
Бундай вазият аввалроқ Украинада ҳокимиятни қайта тақсимлаш сценарийлари муҳокама қилинаётгани ҳақидаги хабарлар фонида юз бермоқда. РИА Новости украин сиёсатшуноси Руслан Бортникка таяниб ёзишича, Киевда “тинч тўнтариш” сценарийси — Верховная рада раҳбарини алмаштириш, янги коалиция тузиш ва ҳукуматни қайта шакллантириш орқали Зеленский ваколатларини чеклаш ғояси муҳокама қилинмоқда.
* Кирилл Буданов Россияда террористлар ва экстремистлар рўйхатига киритилган.
Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси
Украинада Зеленский атрофи амалдорлар алмашиши—сабаб коррупциями ё дипломатик йўл изланиши