ТОШКЕНТ, 1 май — Sputnik. Ўзбекистон қонунчилигида 2026 йил 1 майдан бир қатор ўзгариш ва янгиликлар кучга киради. Қуйида асосийларини келтирамиз.
Алимент бўйича қарздорлиги борларга янги чекловлар
Қонунчиликка кўра, алимент тўловларини ундириш тизими самарадорлигини ошириш мақсадида алимент бўйича қарздорлик мавжуд бўлганда қарздорлик тўлиқ бартараф этилгунига қадар алоҳида йирик битимларни амалга ошириш, айрим турдаги молия-кредит ва давлат хизматларидан фойдаланишни чеклаш тартиби жорий этилади.
Айрим корхоналар учун фойда солиғи пасайтирилади
Қонунчиликка кўра, патентсиз илмий тадқиқот натижасида яратилган илмий ишланмалар асосида товар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган корхоналар 2026 йил 1 майдан 2029 йил 1 майгача фойда солиғини белгиланган солиқ ставкасидан 50 фоиз пасайтирилган ставкада тўлайди.
“Автомобилсиз кун” ва “Автомобилсиз ҳафта” акциялари ўтказилади
Қонунчиликка кўра, ҳар ойнинг 10 ва 25 саналарида “Автомобилсиз кун”, “Автомобилсиз ҳафта” акциялари ўтказиб борилади. Бунда:
мазкур акциялар доирасида давлат фуқаролик хизматчилари томонидан хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш қатъиян тақиқланади;
ушбу саналар иш кунларига тўғри келганда ҳайдовчиларнинг иш ҳақи сақлаб қолинади.
“10 минг қадам пиёда” тажрибаси қайта тикланади
Қонунчилика кўра, “10 минг қадам пиёда” тажрибаси қайта тикланади ҳамда “Соғлом турмуш тарзи” платформаси фаолияти йўлга қўйилади.
“Ёш эколог” кўкрак нишони таъсис этилади
Қуйидаги даражаларда “Ёш эколог” кўкрак нишони таъсис этилади:
мактаб ўқувчилари ўртасида III даражали “Ёш эколог”;
техникум ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талаба-ёшлари ўртасида II даражали “Ёш эколог”;
халқаро ва маҳаллий миқёсда юқори натижаларга эришган ёшлар ўртасида I даражали “Ёш эколог”.
Қоғоз сарфи учун чеклов жорий қилинади
Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида:
келгуси 5 йилда харажатлар сметасини тузиш жараёнида қоғоз, сиёҳ, принтер ва нусха кўчириш ускуналарини харид қилиш харажатлари миқдори ҳар йили 15 фоизга камайтирилган ҳолда режалаштирилади;
принтерлардан марказлашган ҳолда умумий фойдаланиш тизими жорий қилинади. Бунда умумий фойдаланишдаги очиқ офисда фаолият юритувчи ҳар 20 нафар ходим учун 1 дона принтер ажратилади;
ҳар ойда 1 маротаба "Қоғозсиз бир кун" экоакцияси ўтказилади.
Архив хизматларини кўрсатишда қатор ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади
Хусусан:
талабгорларни архив ҳужжатларини тартибга келтиришга компетентлиги юзасидан аттестациядан ўтказишда тегишли архив муассасаси ёки ташкилот раҳбарининг тавсия хати;
мавзули сўровлар тўғрисида маълумотнома беришда сўралаётган ҳужжатнинг нусхаси.
давлат мулки бўлган архив ҳужжатлари ёки уларнинг кўчирма нусхалари, шунингдек, Миллий архив фондининг нодавлат қисмига киритилган архив ҳужжатлари ёки уларнинг кўчирма нусхаларини Ўзбекистондан ташқарига вақтинча олиб чиқиш учун рухсатнома беришда архив ҳужжатларини тасарруфдан чиқариш ёки бир шахсдан иккинчи шахсга ўтказиш шаклини тасдиқловчи ҳужжатлар;
тижорат ташкилоти ҳужжатларининг белгиланган тартибда давлат архивига топширилганлигини тасдиқловчи маълумотнома.
Инфаркт ва инсультга қарши курашиш миллий дастури жорий этилади
Халқаро дастурлар (“Stent for Life” ва “Action Plan for Stroke”) асосида ишлаб чиқилган Инфаркт ва инсультга қарши курашиш миллий дастури (Миллий дастур) ҳудудларда босқичма-босқич амалиётга жорий этилади.
Президент Виртуал қабулхонасига юборилган мурожаатлар устидан назорат кучайтирилади
Президент Виртуал қабулхонаси ахборот тизимига келиб тушган мурожаатлар бўйича назорат вақти режими ўрнатилади, бунда кўриб чиқилиши белгиланган муддатдан ўтган мурожаатлар ижро учун автоматик юқори турувчи давлат органига ўтади.
Виртуал қабулхона ахборот тизимида мурожаатларни қабул қилишда улар “шошилинч”, “одатий”, “маслаҳат талаб қилувчи” тоифаларига ажратиш амалиёти йўлга қўйилади, назоратга қайтарилган мурожаатлар 3 иш куни ичида юқори турувчи органлар томонидан қайта ўрганиб чиқилади.
Ташқи савдога оид нотариф тартиботларни белгилашнинг шаффоф механизми жорий этилади
тақиқ ва чекловлар реестри юритилади, уларни ўрнатишдан камида 3 ой олдин “Ягона дарча” божхона ахборот тизимида эълон қилинади;
ваколатли давлат идоралари, уларнинг қуйи ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган ҳар бир турдаги хизматлар учун йиғимлар (тўловлар) миқдори ва калькуляцияси “Ягона дарча” божхона ахборот тизимида эълон қилинади;
мазкур талабларга риоя этилмасдан ўрнатилган тақиқ ва чекловлар, йиғимлар ижрога қаратилмайди.
“Ақлли” миграция шохобчалари ташкил этилади
эксперимент тариқасида Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида 1 тадан туман (шаҳар) миграция ва персоналлаштириш бўлинмаларида ўзига ўзи хизмат кўрсатиш имконияти яратилган, сунъий интеллект асосидаги “Ақлли” миграция шохобчалари ташкил этилади. Бунда:
дастлабки босқичда “Ақлли” миграция шохобчаларида белгиланган давлат хизматлари кўрсатилади;
Ички ишлар вазирлиги томонидан ўзига ўзи кўрсатиладиган хизматлар турлари кенгайтириб борилади.
Умрага бориш учун ягона портал орқали рўйхатдан ўтиш мажбурий бўлади
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан эндиликда умра зиёратига бориш истагида бўлган фуқаролар учун “Ҳаж ва умра ягона портали” орқали рўйхатдан ўтиш мажбурий этиб белгиланди. Зиёратчилар ҳақидаги маълумотлар порталга киритилмасдан туриб сафарларни ташкил этишга йўл қўйилмайди.
Янги қуриладиган кўп квартирали уйларда видеокузатув ва домофон ўрнатиш мажбурий бўлади
Янги қуриладиган кўп квартирали уйларнинг лойиҳаларида ҳар бир подъезд, лифт ва туташ ҳудудларга кузатув камералари, кириш эшикларига эса домофон комплекслари ўрнатилиши шарт.
ОТМлар ва илмий институтлар спин-офф корхоналарини ташкил этади
1 майдан спин-офф корхоналар устав фондидаги давлат улушини бошқариш функцияси ишончнома асосида муассисларга берилади ва 5 йил давомида давлат улушини хусусийлаштириш ман этилади.
Корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда уларнинг устав фондидаги давлат улуши миқдорини ўзгартиришда Давлат активларини бошқариш агентлиги қарорини қабул қилиш ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг олдиндан розилигини олиш талаб этилмайди;