ТОШКЕНТ, 30 апр — Sputnik. Олий Рада депутати Артём Дмитрук Владимир Зеленский Россия билан можаронинг давом этиши ва Украинадаги ялпи коррупция учун жавобгар эканини айтди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Дмитрук бу фикрларни Украина Миллий коррупцияга қарши бюроси томонидан олиб борилаётган иш бўйича янги маълумотлар эълон қилинганидан кейин билдирди. Гап Зеленскийнинг яқин сафдоши сифатида тилга олинаётган тадбиркор Тимур Миндич атрофидаги коррупция иши ҳақида кетмоқда. Депутат Зеленскийни “тотал коррупция” ва Россия билан можаронинг чўзилишида айблаган.
“Зеленский биргина "иш"да ўғирлаган ўнлаб миллиард доллар. Украинада бундай ишлар юзлаб! Мана, украиналикларнинг қони, ҳаёти ва аслида бутун мамлакат ҳаёти эвазига ўғирлик қилишнинг навбатдаги фактлари!” — дея ёзди Дмитрук Telegram-каналида.
Депутатнинг таъкидлашича, Россия билан можаро Зеленскийнинг иродаси билан давом этмоқда, чунки Киев режими раҳбари ва унинг атрофидаги одамлар бундан катта маблағ топмоқда.
“Уруш, Украинанинг ўлими — бу Зеленскийнинг ҳаёти!” — дея хулоса қилди Дмитрук.
Коррупция можароси “Украинская правда” нашри эълон қилган янги маълумотлардан кейин яна кун тартибига чиқди. Нашр Украина Миллий коррупцияга қарши бюроси тергови доирасида қайд этилган суҳбатлардан парчаларни эълон қилди.
Уларда Тимур Миндич ва Украина собиқ мудофаа вазири, ҳозирда Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров ўртасидаги мулоқотлар тилга олинади.
Миндич ва Умеров мудофаа соҳасидаги кўп миллионлик шартномаларни муҳокама қилгани айтилмоқда. Хусусан, суҳбатда давлат сифатсизлиги сабаб қабул қилмаётган зирҳли нимча (бронежилет)лар етказиб бериш масаласи ҳам кўтарилган. РИА ёзишича, Миндич бу масалани ҳал қилишни талаб қилган, Умеров эса бунга эътироз билдирмаган.
“Украинская правда” эълон қилган маълумотларда Миндич ва Зеленскийнинг дўсти, собиқ биринчи ёрдамчиси Сергей Шефир ўртасидаги суҳбат ҳам тилга олинади.
Ундан нашр “Халқ хизматкори” партияси депутатлари Юрий Кисель ва Александр Сова Шефирга даромадларининг 50 фоизини берган бўлиши мумкин, деган хулосага келган. Қандай даромадлар ҳақида гап кетаётгани аниқлаштирилмаган.