Тошкентда SputnikPRO: беш сониялик диққат даврида аудиторияни қандай сақлаб қолиш мумкин

Эксперт фактчекинг, нейрон тармоқлар билан ишлаш ва замонавий ОАВнинг тезкорлик пойгасидаги хатоларига алоҳида эътибор қаратди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 апр — Sputnik. Тошкентда SputnikPro лойиҳаси доирасида медиа соҳасида ишлашнинг замонавий ёндашувларига бағишланган маҳорат дарси бўлиб ўтди. Иштирокчиларга аудитория эътиборини қандай жалб қилиш ҳамда мураккаб мавзуларни рақамли форматга мослаштириш ҳақида гапириб берилди.
Рақамли медиада 10 йилдан ортиқ тажрибага эга спикер, “Sputnik” радиоси раҳбари Маргарита Некрасова ҳатто қисқа форматда ҳам ўз сифатини йўқотмайдиган контент яратиш бўйича амалий тавсиялар билан ўртоқлашди.
Унинг таъкидлашича, бугунги кунда журналистика блогерлар ва ижтимоий тармоқлар томонидан жиддий рақобатга дуч келмоқда.

“Биз одамни қизиқтириш учун атиги беш сониягина вақтимиз бор даврда яшаяпмиз. Агар уни дарҳол жалб қила олмасангиз, у шунчаки ўтказиб ўтиб кетади. Энг муҳим ва қизиқарли жиҳатлар бошида бўлиши керак, акс ҳолда, аудитория асосий моҳиятга етиб бормайди”, — деди Некрасова.

Экспертнинг сўзларига кўра, одамлар интернетга кўпинча ҳордиқ чиқариш учун киради, шунинг учун янгиликлар қизиқарли бўлиши ва бошқалар билан муҳокама қилиш учун сабаб яратиши лозим.
Сохта янгиликлар даврида журналистнинг ўрнига алоҳида эътибор қаратилди. Спикер таъкидлаганидек, айнан ахборотни текшириш профессионал медианинг асосий вазифаси бўлиб қолмоқда.

“Ахборот оқими кучли бўлган бир пайтда, энг муҳими — маълумотни текшириш ва фактни ишончсиз маълумотлардан ажрата олиш", — дея изоҳлади эксперт.

Шунингдек, маърузада нейрон тармоқлардан фойдаланиш масаласи муҳокама қилинди. Бугунги кунда улар таҳририятларга кундалик вазифаларни бажаришда ёрдам бермоқда, аммо ижодий иш инсон зиммасида қолмоқда.
“Нейротармоқлар механик ишни яхши уддалайди, лекин қизиқарли бурилиш ўйлаб топиш ва мавзуни чинакамига очиб бериш фақат журналистнинг қўлидан келади”, — деди Маргарита Некрасова.
Эксперт замонавий оммавий ахборот воситаларининг кенг тарқалган хатолари — янгиликларни текширмасдан кўчириш, шов-шувли сарлавҳалар учун маънони бузиб талқин қилиш каби ҳолатларга ҳам эътибор қаратди.
“Масалан, сиз нуфузли, йирик нашрда ишлайсиз ва бирор спикердан шарҳ оласиз. Сиз бу материални янада ёрқинроқ, ўқишли қилишга ҳаракат қиласиз. Аммо журналистлар кўпинча таваккалга қўл уриб, спикернинг сўзларидан иқтибос олган ҳолда, моҳиятини бузиб, қандайдир жозибали, кликбейт сарлавҳа қўйишади. Бу эса келажакда ўша спикернинг сизга бошқа шарҳ бермаслигига олиб келиши мумкин, чунки у аллақачон сиз билан ишлаш бўйича салбий тажрибага эга бўлади”, — дея таъкидлади Некрасова.
Маргарита Некрасова сифатли постлар ёзиш бўйича чек-листни ҳам тақдим этиб, унинг ҳиссий мезонига алоҳида тўхталди: янгилик шунчалик қизиқарли бўлиши керакки, журналистнинг ўзи ҳам бу маълумотни дўсти билан баҳам кўришни истаб қолсин.

Маълумот учун: SputnikPRO - Sputnik ахборот агентлиги томонидан ташкил этилган медиа соҳасидаги халқаро маърифий лойиҳа. Бу журналистлар, матбуот котиблари, блогерлар ва олий таълим муассасаларининг тегишли йўналишлари бўйича юқори курс талабалари учун Россия ва хориждаги энг яхши медиа-менежерлар, экспертлар ҳамда агентликнинг етакчи мутахассислари томонидан ўтказиладиган семинарлар, маърузалар ва маҳорат дарсларининг ноёб тизимидир.