Фарғонада мева-сабзавот экспортини 500 млн долларга етказиш режалаштирилмоқда

Фарғона вилоятида пахта-ғалла майдонлари қисқартирилиб, супер интенсив боғлар ва экспортбоп мева-сабзавот плантациялари ташкил этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 апр — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятидаги йиғилишда қишлоқ хўжалиги, инфляция ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархини барқарорлаштириш масалаларига ҳам тўхталди.
Қайд этилишича, биринчи чорак якунида Фарғонада инфляция йиллик ҳисобда 7,5 фоизгача пасайган. Вилоятда инфляцияга таъсир қилувчи истеъмол саватидаги 517 хил товар ва хизматнинг 480 таси маҳаллий ишлаб чиқарилади.
Вилоятда 370 минг гектар суғориладиган ер, 55 минг гектар боғ ва токзор ҳамда 37 минг гектар қир ва адирлар мавжуд. Шу билан бирга, 5,5 минг гектар боғ ва токзор эскирган, 6 минг гектар дашт ва адир ерлари бўш ётибди. Бу қўшимча 300 минг тонна мева-сабзавот ва 2 триллион сўмлик қўшилган қиймат яратиш захираси экани таъкидланди.
“Қува Агростар” агромажмуаси тажрибаси асосида деҳқонларни ўқитиш, ин-витро кўчатлар билан таъминлаш, кичик цехлар қуриш ва тайёр маҳсулот экспортига кўмаклашиш амалиётини барча туманларда жорий қилиш вазифаси қўйилди.
Фарғона, Ёзёвон, Қува ва Ўзбекистон туманларида 7,4 минг гектар пахта-ғалла майдони қисқартирилиб, улар ўрнида ўрик, олхўри, бодом, малина, экспортбоп гилос ва шоли плантациялари ташкил этилади.
Ёзёвонда шоличилик мактабини ишга тушириш ва 100 гектар кўлнинг сув юзасида кассетали усулда органик шоли етиштиришни синовдан ўтказиш топширилди.
Вилоятдаги 50 минг гектар кам ҳосилли пахта ва ғалла ерлари ҳамда самараси паст боғлар ўрнида супер интенсив боғлар яратиш дастури ишлаб чиқилади. Биринчи босқичда 10 минг гектар саноатлашган супер интенсив боғ барпо этиш бўйича техник-иқтисодий асос тайёрланади.
Фарғона туманида малина етиштирувчи деҳқонлар учун 10 та маҳаллада 50-100 тонналик кичик омборхоналар қурилиб, имтиёзли лизинг асосида берилади.
Жорий йилда Фарғона вилоятида 611 минг тонна мева, 252 минг тонна узум, 1,8 миллион тонна сабзавот ва 119 минг тонна шоли етиштириш, мева-сабзавот экспортини 25 фоизга ошириб, 500 миллион долларга етказиш вазифаси белгиланди.
Хитойга ўхшаган ҳудуд, янги сув омбори, “ақлли қишлоқ”: Сирдарёда бу йил нималар ўзгаради