Биринчи чоракда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 8,7% ўсди

Инфляция биринчи марта йиллик ҳисобда 7,1 фоизгача пасайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 апр — Sputnik. Ўзбекистон ЯИМи биринчи чоракда 8,7 фоизга ўсди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган I-чорак якунларига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум бўлди.

Биринчи чорак якуни билан ялпи ички маҳсулотимиз 8,7 фоизга, саноат 8 фоизга, хизматлар 16,1 фоизга, қишлоқ хўжалиги 5,1 фоизга ўсди. Экспорт 5,8 миллиард долларни, хорижий инвестиция ҳажми эса 13,7 миллиард долларни ташкил қилди. Инфляция йиллик ҳисобда биринчи марта 7,1 фоизгача пасайди, - дейилади ҳисоботда.

Шунингдек, январь-март ойларида бюджет даромадлари ўтган йилга нисбатан 35 фоизга кўпайиб, 103 триллион сўмга етди. Маҳаллий буджетларда қўшимча 2 триллион 200 миллиард сўм маблағ шаклланди.
“Келаси ой 2 миллиард 400 миллион долларлик давлат активларининг 30 фоизини илк бор халқаро фонд бозорларига чиқарамиз. Бу Миллий инвестиция жамғармасини ташкил қилиб, 13 та стратегик корхона бошқарувини нуфузли “Франклин Темплетон” компаниясига берганимиз учун бўляпти", – деди давлат раҳбари.
Ўтган ҳафта Халқаро валюта жамғармаси эълон қилган ҳисоботда юқори иқтисодий фаоллик орқали Ўзбекистон кучли ва барқарор иқтисодий ўсишни сақлаб қолаётгани қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев яна бир кўрсаткичга эътибор қаратди: жорий йил юртимиз нуфузли “Иқтисодий эркинлик индекси”да 14 поғона юқорилаб, илк бор “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олди.