"Баҳор маросими": Тошкентда туркиялик рассом Буржу Гюнайнинг шахсий лойиҳаси тақдим этилди

Тошкент фотосуратлар уйида туркиялик рассом Буржу Гюнайнинг “Баҳор маросими” номли шахсий кўргазмаси очилиб, унда замонавий санъат ва анъанавий эстетика уйғунлиги намойиш этилди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 апр — Sputnik. Тошкент фотосуратлар уйида туркиялик рассом Буржу Гюнайнинг “Баҳор маросими” номли шахсий кўргазмаси очилди. Лойиҳа замонавий санъат ва анъанавий эстетиканинг ўзига хос уйғунлигини намоён этмоқда.
Буржу Гюнай — рассом, санъат тарихи тадқиқотчиси ва университет доценти сифатида танилган ижодкор. Унинг асарларида академик изланишлар ва ижодий тафаккур уйғун тарзда намоён бўлади. Рассом услуби постмодернистик қарашлар билан классик бадиий анъаналар синтези асосида шаклланган.
Унинг ишлари кўпинча концептуал характерга эга бўлиб, визуал образлар орқали чуқур фалсафий ва тарихий маъноларни ифода этади. Айниқса, матода линогравюра техникасидан фойдаланилиши асарларда такрор, хотира ва анъана ўртасидаги боғлиқликни кучайтиради.
Матонинг моддий хусусиятлари ва қўл меҳнатининг излари ҳар бир асарни нафақат визуал образ, балки вақт, ҳаракат ва мавжудликнинг ўзига хос изи сифатида қабул қилиш имконини беради. Бу эса томошабинни асар билан чуқурроқ мулоқотга чорлайди.
Ушбу лойиҳа ўтмишни шунчаки сақлаш эмас, балки уни ҳозирги замон нигоҳида қайта ҳис этишга қаратилган бадиий тажрибадир.
“Баҳор маросими” ўтмишни қайта тиклашдан кўра, уни замонавий қараш орқали қайта англаш, йўқолиш, қайта пайдо бўлиш ва изларнинг давомийлигини бадиий тилда очиб беришга интилади.
1 / 9
2 / 9
3 / 9
4 / 9
5 / 9
6 / 9
7 / 9
8 / 9
9 / 9