ТОШКЕНТ, 22 апр — Sputnik. Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)да янги ташкил этилган Саноат рақамли портали фаолиятига жалб этилади. Бу бўйича 21 апрель куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ҳамда Евроосиё иқтисодий комиссиясининг Саноат ва агросаноат мажмуаси бўйича вазири Гоар Барсегян учрашувида келишувга эришилди.
Музокаралар чоғида томонлар 2026–2028 йилларга мўлжалланган янги режани тайёрлаш жараёнини жадаллаштиришга ҳам келишиб олди. Шунингдек, жорий йилда Тошкент шаҳрида қўшма ишчи гуруҳнинг 5-йиғилишини ўтказиш режалаштирилган.
Қайд этилишича, 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 25 фоизга ўсиб, 20 миллиард доллардан ошди. Ўзбекистон умумий ташқи савдо айланмасида ЕОИИ улуши қарийб 25 фоизни, экспортда эса қарийб 30 фоизни ташкил этди.
ЕИК билан 2024–2026 йилларга мўлжалланган уч йиллик чора-тадбирлар режаси доирасида қўшма ишчи гуруҳ форматида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Маълумот учун: Саноат рақамли портали — бу ЕОИИ маконидаги саноат корхоналари, маҳсулотлар, технологиялар ва лойиҳалар ҳақидаги маълумотларни бир жойга жамлайдиган платформа бўлиб, у корхоналарга ҳамкор топиш ва кооперация занжирларига киришни енгиллаштириши кутилмоқда.