ТОШКЕНТ, 22 апр — Sputnik. 21 апрель куни Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг Тошкент Фотосуратлар уйида “Арт-карвон: маданиятлар мулоқоти” номли халқаро кўргазма очилди.
Мазкур лойиҳа Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий мулоқотни янги босқичга олиб чиқувчи муҳим бадиий майдон сифатида намоён бўлмоқда.
Кўргазма экспозицияси маданиятлар ўртасидаги ўзаро таъсир, эстетик қарашлар уйғунлиги ва тарихий муштараклик ғояларини ёритиб беради. Ташриф буюрувчилар Россия ва Ўзбекистон ҳудудларининг ранг-баранглиги, миллий анъаналари ва уларнинг замонавий санъатдаги ифодасини яқиндан ҳис қилиш имконига эга.
Лойиҳанинг марказий тимсоли бўлган “карвон” ҳаракат, алмашинув ва маданий боғланиш рамзи сифатида талқин этилган. Кўргазмада тақдим этилган асарлар бир нечта муҳим йўналишлардаги мулоқотни акс эттиради: бадиий мерос ва замонавий ифода уйғунлиги, рассомлар ўртасидаги ижодий ҳамкорлик, шунингдек, макон ва табиатнинг асарлардаги ўрни.
“Санъат карвони — бу ғоялар, образлар ва маданий кодларни бирлаштирувчи, Шарқ ва Ғарб анъаналарини уйғунлаштирувчи тирик ижодий жараёндир”, — дейди лойиҳа раҳбари Ирина Коваленко.
Экспозицияда Россиядан ташриф буюрган беш нафар рассомнинг ишлари намойиш этилди. Улар ҳар бири ўз услуби орқали икки халқ маданияти ўртасидаги мулоқотни ўзига хос бадиий ечимларда ифода этган. Табиий манзаралар, этномаданий хилма-хиллик ва тарихий хотира асарларнинг асосий мазмунига айланган.
2022 йилдан буён амалга ошириб келинаётган “Art-karvon” лойиҳаси доирасида қўшма пленэрлар, кўргазмалар ва давра суҳбатлари ташкил этилиб, ижодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда. Лойиҳа халқ дипломатиясини ривожлантириш ва мамлакатлар ўртасидаги маданий алоқаларни чуқурлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.