Лихачёв: Ўзбекистон билан ҳамкорлик АЭСдан ташқари янги технология ва тиббиётни қамрайди

Росатом раҳбари Алексей Лихачев Ўзбекистон билан ҳамкорлик АЭСдан ташқари атом шаҳарлари, илм-фан, ядро тиббиёти ва янги технологияларни ҳам қамрашини билдирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 апр — Sputnik. “Росатом” Ўзбекистонлик ҳамкорларини Россиянинг атом шаҳарлари ва илмий марказларида кутмоқда. Бу ҳақда “Иннопром” доирасида корпорация бош директори Алексей Лихачев маълум қилди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Унинг сўзларига кўра, бундай сафарлар илгари Беларусь билан ҳамкорлик доирасида ҳам ташкил этилган.
Шунингдек, у АЭС қурилиши билан бир вақтда барпо этиладиган шаҳарлар инфратузилмасининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида ҳам гапирди.
Лихачев Эрондаги “Бушер” АЭС вазиятига ҳам тўхталиб, шундай деди: "Энг асосий вазифа — минтақада тинчлик ўрнатилиши билан станцияни имкон қадар тезроқ қайта ишга тушириш, қурилишни қайта бошлаш."
Унинг сўзларига кўра, ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бери 600 дан ортиқ киши эвакуация қилинган. Майдонда эса фақат кўнгиллилар қолган: Бушер майдонида 20 киши, Теҳронда эса тўрт киши.
"Уларнинг вазифаси инфратузилмани қўллаб-қувватлаш ва маҳаллий буюртмачи билан алоқада бўлишдир," — деди Лихачев.
“Росатом” бош директори Марказий Осиё мамлакатларида ишлашнинг афзалликлари ҳақида ҳам фикр билдирди. У минтақа иқтисодиётининг юқори суръатларда ўсиши, аҳоли сони ва энергия истеъмоли ортиб бораётганини қайд этди. Шунингдек, Лихачев Қозоғистон ва Қирғизистонда амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам тўхталди.
"Биз учун Марказий Осиёда ишлаш жуда қулай," — дея хулоса қилди у.
Лихачев Ўзбекистонда АЭС қурилиши билан бир қаторда ноэнергетик йўналишлар ҳам ривожлантирилишини айтди. Унинг сўзларига кўра, йўл харитасига мувофиқ ядро тиббиёти, илмий тадқиқотлар ва қишлоқ хўжалигида қўлланадиган замонавий технологияларни ривожлантириш режалаштирилган.
Шунингдек, у “атомдан илҳомланган технологиялар”, яъни ядро соҳасида яратилган ечимлардан бошқа тармоқларда ҳам фойдаланиш имкониятларини алоҳида таъкидлади. Лихачев аддитив технологияларни ҳам тилга олди — бу, оддий қилиб айтганда, буюмларни қатламма-қатлам яратишга асосланган 3D-босма технологияларидир.
Эслатиб ўтамиз, Sputnik Ўзбекистон “Иннопром” кўргазмасининг расмий ахборот ҳамкори ҳисобланади.

Маълумот учун: “Росатом” маълумотига кўра, интеграциялашган АЭС лойиҳаси таркибига 3+ авлод ВВЭР-1000 асосидаги иккита катта қувватли блок ва ҳар бири 55 МВтли РИТМ-200Н реакторли иккита блок киради. Январ ойида компания лойиҳанинг навбатдаги босқичи сифатида бетон ишларини 2026 йилнинг биринчи ярмида бошлаш режалаштирилаётганини билдирган эди.

Кириенко: Ўзбекистоннинг интеграциялашган АЭС тажрибасини бошқа давлатлар ҳам ўрганади