ТОШКЕНТ, 11 апр — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Бухорога ташрифи давомида, барпо этилаётган янги аэропорт лойиҳаси билан танишди.
Лойиҳага кўра, янги аэропортда узунлиги 3,3 километр бўлган, барча турдаги ҳаво кемаларини қабул қилиш имконига эга учиш-қўниш йўлаги, шунингдек, соатига 1200 нафар йўловчига юқори даражада хизмат кўрсатиш қувватига эга аэровокзал мажмуаси қурилади.
Биз Бухоро вилояти аҳолиси, шунингдек, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун замонавий ва қулай хизмат кўрсатадиган аэропорт барпо этишни мақсад қилганмиз. Шундай экан, ушбу аэропорт жаҳон стандартлари талабларига тўлиқ мос бўлиши шарт, – деди Президентимиз.
Бухоро янги аэропорти ҳамда унга туташ инфратузилмани барпо этиш учун шаҳар ташқарисидан жами 370 гектар ер майдони ажратилган. Лойиҳа доирасида аэропортга олиб борувчи автомобиль йўли ҳам қурилмоқда. Унинг умумий узунлиги 23,8 километрни ташкил этиб, шундан 2,7 километри мутлақо янги йўл, 21,1 километри эса реконструкция қилинади. Шунингдек, йўл бўйида 2 та йўл ўтказгич, 9 та ер ости пиёдалар ўтиш жойи ва 8 та кўприк барпо этилиши назарда тутилган.
Маълумот учун, президент 2024 йилда Бухоро вилоятига ташрифи давомида ҳудуднинг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш мақсадида Бухоронинг янги халқаро аэропортини барпо этиш бўйича муҳим топшириқ берган эди.