ТОШКЕНТ, 11 апр — Sputnik. Бугун Бухорода Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда қайд этилишига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсиб, ўтган йили 5 миллиард долларга етган.
Айни дамда автомобилсозлик, инфратузилмани ривожлантириш, логистика, электротехника, қурилиш материаллари ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Президентлар ҳамкорликнинг истиқболли соҳаларини ҳам кўриб чиқдилар:
Кимё, геология, энергетика, автомобиллар учун бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш ва бошқа соҳалардаги янги ташаббуслар;
Транспорт ва логистика соҳасида ўзаро боғлиқликни ривожлантириш, чегараолди инфратузилмани модернизация қилиш, тўсиқларни бартараф этиш ва ташқи бозорларга чиқишни таъминлайдиган самарали транспорт йўлакларини яратиш;
“Қамбарота” ГЭС каби йирик минтақавий лойиҳаларни жадаллаштириш ва “яшил” энергия экспорти бўйича ташаббусларни илгари суриш;
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, минтақавий экологик ташаббусларни илгари суриш, чегарадош ҳудудларда “Тоза ҳаво” лойиҳаларини амалга ошириш;
Космик технологиялар, рақамлаштириш, электрон тижорат ва стартапларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳамкорлик.
Ундан ташқари, давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари бўйича фикр амашдилар.
Учрашув давомида бош вазирлар ўринбосарларининг савдо-иқтисодий кун тартибининг долзарб жиҳатлари, жумладан, яқин истиқболда ўзаро савдони 10 миллиард долларга етказиш бўйича кўрилаётган чоралар бўйича ҳисоботлари эшитилди.
Музокара якунида ҳукуматларга эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилиш топширилди.