ТОШКЕНТ, 10 апр – Sputnik. Евроосиё иқтисодий комиссиясида (ЕИК) Малайзия расмийлари учун онлайн тарзда Евроосиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ) тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЕИК матбуот хизмати хабар берди.
Тадбир доирасида савдо сиёсати, саноат ва агросаноат мажмуи, божхона тартибга солиш ва ЕОИИ транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, ЕОИИ бозорига етказиб бериладиган маҳсулотларнинг хавфсизлигини таъминлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Инновацион технологияларни жорий этиш соҳасида ҳамда ҳалол маҳсулотлар бозорини тартибга солиш масалаларида энг яхши амалиётларни ўзаро алмашиш учун яхши имкониятлар қайд этилди.
“Истиқболли қадамлардан бири [ЕИК ва Малайзия ҳукумати ўртасида] ўзаро ҳамкорлик меморандумини тузиш бўлиши мумкин. Айнан шу форматда комиссия АСEАНнинг аксарият давлатлари билан муваффақиятли ишламоқда”, – дея таъкидлади ЕИК Интеграцияни ривожлантириш департаменти директори Микаел Беллуян.
Малайзия Инвестициялар, савдо ва саноат вазирлигининг икки томонлама иқтисодий ва савдо алоқалари бўлимининг катта директори Рашиди Саид Малайзия ЕОИИнинг барча мамлакатлари билан икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириб келаётганини таъкидлади. Алоқаларни давлатларнинг юқори раҳбарияти даражасида мустаҳкамламоқда. Бу юқори салоҳият ва ўзаро қизиқишдан далолат беради.
Малайзия ЕОИИнинг АСEАН мамлакатлари орасидаги тўртинчи савдо ҳамкори бўлиб, Сингапур, Вьетнам ва Индонезиядан кейинги ўринда туради. Малайзия иқтисодиётининг кучли томонлари ривожланган минерал-хомашё базаси, қишлоқ хўжалиги, саноат ва туризмдир.
ЕОИИ
Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) - 2015 йил 1 январдан фаолият юритиб келаётган халқаро иқтисодий бирлашма. Иттифоққа ҳозир Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзодир. Ўзбекистон 2020 йилда ЕОИИда кузатувчи мақомини олди. Молдова, Куба, Эрон ҳам кузатувчи мақомига эга.