ТОШКЕНТ, 10 апр – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 апрель куни электрон тижоратни ривожлантириш ва бонд омборлари фаолиятини йўлга қўйишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Тақдимотда электрон тижорат инфратузилмасини ривожлантириш доирасида импорт товарларини божхона назорати остида сақлаш ва божхона тўловлари ҳамда солиқларни кечиктирилган тартибда тўлаш имконини берувчи махсус омборлар — бонд омборларини ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланишича, товар учун бож тўловларини уни сотиш вақтида амалга ошириш тизимини жорий этиш орқали камида 500 миллион доллар инвестиция жалб қилиш учун шароит яратиш мумкин. Бундай амалиёт Россия, Хитой, Қозоғистон, БАА, Буюк Британия, Германия ва Сингапур каби мамлакатларда кенг қўлланилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда омборларнинг умумий майдони 634 минг квадрат метрни ташкил этади, шундан 72 фоизи Тошкент шаҳри ва вилояти ҳиссасига тўғри келади. Мавжуд омборларнинг атиги 34 фоизи замонавий “А” тоифасига мансуб. Экспертлар ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш учун яқин беш йилда 2,5 миллион квадрат метр замонавий омборларга эҳтиёж мавжуд.
Шу муносабат билан йирик халқаро маркетплейсларнинг замонавий омборлар тармоғини кенгайтириш таклиф этилди. Рақамли платформалар ҳамда бонд омборларини солиқ ва божхона тизимлари билан чуқур интеграция қилиш зарурлиги таъкидланди. Тақдимотда 2026-2028-йиллар давомида тажриба тариқасида “импорт — бонд омбори — махсус электрон савдо платформаси — истеъмолчи” занжири асосида янги механизмни жорий этиш таклифи билдирилди.
Унга кўра, товарлар бонд омборига жойлаштирилади, махсус электрон савдо платформаси орқали сотилади, божхонада декларация қилиш ва бож тўловларини тўлаш эса бевосита сотув босқичида амалга оширилади. Бундай платформалар ва омборлар тегишли реестрларга киритилиб, Божхона қўмитасида ҳисобга олинади.
Шунингдек, бонд омборлари маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун ташқи бозорларга чиқишни енгиллаштириши, айланма маблағларга тушадиган юкни камайтириши, логистика харажатларини пасайтириши ва экспорт рақобатбардошлигини ошириши қайд этилди.
Давлат раҳбари мутасаддиларга электрон тижоратни иқтисодиётнинг муҳим драйверларидан бирига айлантириш, ушбу соҳада замонавий инфратузилмани яратиш ҳамда рақамли платформалар фаолияти учун қулай ва шаффоф муҳитни шакллантириш бўйича тегишли топшириқлар берди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда сўнгги саккиз йилда мамлакатда электрон тижорат бозори 20 баробар ўсиб, 1,3 миллиард долларга етган. Бугунги кунда республикада 120 тадан ортиқ рақамли платформалар фаолият юритмоқда.