Амир Темур – Марказий Осиё, Жанубий ва Ғарбий Осиё, шунингдек, Кавказ, Волгабўйи ва Русь тарихида муҳим ўрин эгаллаган туркий ҳукмдор, саркарда ва истилочидир. У пойтахти Самарқанд бўлган Темурийлар салтанатининг (1370 йил) асосчиси.
Унинг отаси амир Муҳаммад Тарағай туркий барлос уруғининг зодагонлар оиласига мансуб эди. У Мовароуннаҳрда катта обрўга эга нуфузлилардан бўлган. Аждодлари афсонавий туркий Алан-қува шажарасидан келиб чиққан бўлиб, Чиғатой улусининг сарой элитаси қаторидан жой олган, мулклари эса Кеш ва Нефес атрофларидаги ерлар бўлган.
Бўлажак ҳукмдор ва саркарданинг болалик ҳамда ўсмирлик йиллари ўзининг туғилган шаҳри яқинида ўтган. Темур ёшлигидан мусобақалар, ов ва ҳарбий ўйинларни яхши кўрарди. У найза отиш ва камондан ўқ узишда моҳир эди. Ўн ёшидан бошлаб унинг устозлари — отасининг саройида хизмат қилган отабеклар — таълимига етарлича эътибор қаратмасдан, уни астойдил жангчи қилиб тарбиялайди. Фақатгина Темурнинг туғма зукколиги ва тиришқоқлиги унга Қуръони Каримни ёд олиш имконини берди.
Болалигиданоқ ғайриоддий ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган Темур итоаткорлиги билан ажралиб турмас, ёшлигида кичик босқинчилар тўдасини тузиб, кўчманчи қабилаларнинг қўй сурувларини ҳайдаб кетар эди. Аммо, мамлакатни парчалаётган доимий ички низолар сабабли йигит сиёсат ҳақида жиддий ўйлай бошлади. Кейинчалик Темур ўз гуруҳи билан амакиси, Кеш ҳокими Ҳожи Барлоснинг хизматига кирди.
XIII аср охири – XIV аср бошларида Мовароуннаҳрнинг иқтисодий аҳволи жиддий хавотир уйғотади. Мўғул хони Туғлуқ Темур бундан фойдаланиб, 1360 йилда Мовароуннаҳрнинг катта қисмини деярли қаршиликсиз босиб олиб, Қашқадарёгача етиб боради. Темур Тарағай унинг хизматига кирди. Бироқ хон мамлакатга ўз ўғлини ҳукмдор этиб тайинлаганидан кейин, у билан тузилган битимни бекор қилди.
Темур бир муддат Амударёнинг ўнг қирғоғида яшаб, мўғулларга қарши партизанларча кураш олиб боради. Шундай юришларнинг бирида у қўли ва оёғидан оғир яраланиб, умрбод оқсоқ бўлиб қолади ва бу унга Темурланг (Оқсоқ Темур) лақабини беради. Ўрта аср форс ва туркий манбаларида Темурни “Соҳибқирон”, яъни икки сайёра: Зуҳро (Венера) ва Муштарий (Юпитер) ёхуд Зуҳро ва Қуёшнинг яқинлашуви пайтида туғилган, мажозий маънода эса бахтли, деб ҳам аташган.
1370 йили Балхда бўлиб ўтган Мўғул империясининг умумий қурултойида жиддий муваффақиятларга эришиб, ҳукмдор деб эълон қилинади, лекин хонлик тахтининг бевосита вориси бўлмагани учун тахтдан воз кечади ва ўзига дабдабали Амир унвонини олади. У расман тож киймаган бўлса-да, амалда энди Мовароуннаҳрнинг ягона ҳукмдори эди.
Амир Темур Чингизийлар сулоласи вориси Сарой Мулкхонимга уйланиб, ўз унвонига шарафли “кўрагон”, яъни “хон куёви” рутбасини қўшиб олишга муваффақ бўлди.
Амир Темурнинг асосий вазифаси мамлакатдаги парчаланган давлатга барҳам бериш ва алоҳида бўлган ҳудудларни ягона давлат остида бирлаштириш эди. У ушбу давлатнинг пойтахти этиб Самарқандни тайинлайди ва бу ерда зудлик билан шаҳар мудофаа деворлари, қўрғонлар ва саройларнибарпо этишни бошлайди. У қадимги Сўғдиёна пойтахти (ҳозирги Афросиёб) харобалари яқинида янги Самарқандга асос солди.
Амир Темур Амударё ва Сирдарё оралиғидаги ерларни, шунингдек, Фарғона ва Шош вилоятларини ўзига бўйсундириб, бирлаштиради ва истилочилик юришларини бошлайди.
Амир Темур ўттиз беш йил (1370–1405) давомида ҳукмронлик қилади. У Ҳинд ва Гангдан Сирдарё ва Зарафшонгача, Тянь-Шандан Босфоргача бўлган улкан империя яратди. Умрининг кўп қисмини юришларда ўтказди.
Буюк саркарда 1405 йилнинг февраль ойида, Хитойга ҳарбий юриши чоғида Ўтрор шаҳрида вафот этди. Унинг жасадини мўмиёлаб, қора кимхоб билан қопланган тобутга солишади ва Самарқандга жўнатишади. У шу ерда, Гўри Амир оилавий мақбарасида дафн этилган.
Темур тангалари
Темурнинг улкан мулкларидаги зарбхоналарда уч хил қийматдаги кумуш тангалар: танга, ярим танга (нимтанга) ва чорак танга (мири), шунингдек, мис тангалар — фулуслар (адлия, мис динор, данги ва бошқалар) чиқарилган.
Дипломатик алоқалар
Амир Темур ўз ҳукмронлиги даврида феодал тарқоқликка барҳам бериб, Европанинг энг йирик қиролликлари — Франция, Англия ва Кастилия билан савдо-дипломатик алоқаларни ўрнатди. Афсуски, Соҳибқирон вафотидан сўнг у асос солган Ғарбий Европа билан савдо-дипломатик муносабатлар ривожланмай қолди.
Қонунлар тўплами
Амир Темур авлодларига нафақат улкан салтанат, балки мамлакатни бошқариш бўйича қўлланмани ҳам мерос қилиб қолдирди. Доно ҳукмдор томонидан ёзилган ушбу қимматли тарихий ҳужжат “Темур тузуклари” деб номланади. Асар икки қисмдан иборат: биринчиси автобиографик бўлиб, унда буюк Амирнинг ҳаёти ва фаолияти баён этилган, иккинчиси эса қонунлар мажмуаси бўлиб, унда жамият аъзоларининг хулқ-атвор қоидалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб берилган. Бу қонунлар давлатдаги оддий фуқаролардан тортиб амалдорлар ва ҳукмдорларгача – барча учун бирдек амал қилган.
Амир Темур улкан салтанат яратиб, мамлакатнинг иқтисодий ва маданий ривожланиши учун шарт-шароит тайёрлаб берди. Ўтмиш даврларнинг кўп асрлик анъаналари янги тарихий шароитда қайта тикланди. Мовароуннаҳр Яқин ва Ўрта Шарқнинг савдо, иқтисодиёт ва маданият марказига айланган сари Чингизхон қўшинлари томонидан бутунлай вайрон қилинган Самарқанд, Кеш, Бухоро, Термиз, Тошкент, Марв каби қадимий шаҳарлар обод қилина бошлади.
Шаҳарсозлик ва меъморчилик
Амир Темур ўзининг истилочилик юришлари давомида мамлакатга нафақат моддий ўлжаларни, балки таниқли олим, ҳунарманд, мусаввир ва меъморларни ҳам олиб келган. У шаҳарларда маърифатли инсонлар қанчалик кўп бўлса, мамлакат тараққиёти шунчалик тезлашади, Мовароуннаҳр ва Туркистон шаҳарлари обод бўлади, деб ҳисоблаган. Ўз юришлари давомида Эрон ва Яқин Шарқдаги сиёсий тарқоқликка чек қўйиб, ташриф буюрган ҳар бир шаҳарда ўзидан ёдгорлик қолдиришга интилган, у ерда бир нечта муҳташам бинолар қурдирган. Масалан, Бағдод, Дарбанд, Байлақон каби шаҳарларни, йўл устида вайрон бўлган қалъа, манзилгоҳ, кўприк ва суғориш тизимларини қайта тиклаган.
Амир Темур асосан ўзининг она юрти Мовароуннаҳрнинг гуллаб-яшнаши ва пойтахти Самарқанднинг улуғворлигини ошириш ҳақида қайғурган. У салтанатининг шаҳарларини, жумладан, пойтахт Самарқанд, отасининг ватани Кеш (Шаҳрисабз), Бухоро ҳамда чегара шаҳри Яссини (Туркистон) обод қилиш учун барча забт этилган юртлардан ҳунарманд, меъмор, заргар ва қурувчиларни олиб келган. Унинг пойтахт Самарқандга бўлган бутун меҳр-эътибори қуйидаги сўзларида ўз ифодасини топган: “Самарқанд узра ҳамиша мовий осмон ва заррин юлдузлар чарақлаб туради”. Фақат умрининг сўнгги йилларидагина у давлатнинг бошқа, асосан, чегара ҳудудлари фаровонлигини ошириш чораларини кўрган (1398 йилда Афғонистонда, 1401 йилда эса Кавказортида янги суғориш каналлари қазилган ва ҳоказо).
1371 йилда у вайрон бўлган Самарқанд қалъаси, Шаҳристоннинг Олти дарвозаси — Шайхзода, Оҳанин, Феруза, Сўзангарон, Коризгоҳ ва Чорсу мудофаа деворларини тиклашга киришди. Аркда эса икки тўрт қаватли бино қурилди: бирида давлат хазинаси, устахоналар ва зиндон жойлашган Кўксарой, иккинчисида эса амирнинг қароргоҳи бўлган Бўстонсарой.
Соҳибқирон Самарқандни Марказий Осиёнинг йирик савдо марказларидан бирига айлантирди.
Сайёҳ Клавихонинг ёзишича: “Самарқандда ҳар йили Хитой, Ҳиндистон, Татаристон (Дашти Қипчоқ) ва бошқа юртлардан, шунингдек, энг бой Самарқанд салтанатининг ўзидан келтирилган моллар сотилади. Шаҳарда савдо қилиш учун махсус қулай расталар бўлмагани учун Темур шаҳар бўйлаб икки томонида савдо дўконлари ва расталари жойлашган кўча қуришни буюрди”.
Амир Темур ислом маданиятининг ривожига ва мусулмонлар учун муқаддас саналган жойларни ободонлаштиришга жуда катта эътибор қаратган. У Шоҳизинда мажмуасида ўз қариндошларининг қабрлари устига мақбаралар қурдирган. Хотинларидан бири Туман оқо кўрсатмаси билан у ерда масжид, хонақоҳ, мақбара ва чортоқ бунёд этилган. Шунингдек, у Руҳобод (Бурҳониддин Соғаржий мақбараси), Қутби чаҳордаҳум (Шайх Хожа Нуриддин Басир мақбараси) ва Гўри Амир (Темурийлар сулоласининг оилавий мақбараси) каби иншоотларни қурдирган. Бундан ташқари, Самарқандда кўплаб ҳаммом, масжид, мадраса, хонақоҳ ва карвонсаройлар барпо эттирган.
Темур буйруғи билан қурилган бинолардаги битиклар
Темур фармони билан бунёд этилган бинолар: масжид, мақбара ва саройлардаги барча битиклар асосан араб ва форс тилларида ўйиб ёзилган. Масалан, Оқсарой деворларига “Адолат – ҳукмдорлар шиори”, “ Тахт эзгу иш учунми ёки эзгу иш тахт учунми?” каби ҳикматлар битилган. Самарқанддаги Шоҳизинда мақбараларидан бирида эса шундай ёзув бор: “Ҳамжиҳатликдан бошқа нажот йўқ, парокандаликдан бошқа ҳалокат йўқ.”.
Хотинлари ва авлодлари
Унинг 18 та хотини бўлган, улардан бири Амир Ҳусайннинг синглиси Ўлжой Туркон оға эди.
Унунг суюкли хотини Қозонхоннинг қизи Сарой Мулкхоним бўлган. Замонавий мутахассислар Амир Темурнинг катта хотинининг асл исми Сарой Моликхоним деб ҳисоблайди. Унинг ўз фарзандлари бўлмаган, аммо Темурнинг айрим ўғиллари ва набираларини тарбиялаш унга ишониб топширилган эди. У илм-фан ва санъатнинг машҳур ҳомийси бўлган. Унинг амри билан Самарқандда онаси учун улкан мадраса ва мақбара бунёд этилган.
1352 йилда Темур амир Жоку барлоснинг қизи Турмуш оғага уйланади. Мовароуннаҳр хони Қозоғон Темурнинг фазилатларига ишонч ҳосил қилгач, 1355 йилда ўз набираси Ўлжай Туркон оғани унга никоҳлаб беради. Шу никоҳ туфайли Темур билан Қозоғоннинг набираси амир Ҳусайн орасида иттифоқ ўрнатилади.
Бундан ташқари, Темурнинг бошқа хотинлари ҳам бўлган: Оқ Сўфи Қўнғиротнинг қизи Туғди бий, Сулдуз қабиласидан Улус оға, Наврўз оға, Бахт Султон оға, Бурҳон оға, Таваккул хоним, Турмиш оға, Жонибек оға, Чўлпон оға ва бошқалар.
Темурнинг тўрт ўғли: Жаҳонгир (1356–1376), Умаршайх (1356–1394), Мироншоҳ (1366–1408), Шоҳрух (1377–1447) ҳамда бир нечта қизи: Тоғайшоҳ (1359–1382), Султон Бахт оға (1362–1430), Бигижон, Саодат Султон ва Мусалло бўлган.
Хотира
· Бугунги Ўзбекистон ҳудудида ўнлаб географикобъектлар, ғорлар, аҳоли масканлари сақланиб қолган бўлиб, халқ хотираси уларнинг тарихини Темур номи билан боғлайди.
· Бутун Ўзбекистон бўйлаб шаҳарларнинг марказий кўча ва хиёбонлари Амир Темур номи билан аталган.
· Темур герби Россия империяси даврида (1868–1917) Самарқанд вилояти герби тасвирига киритилган.
· “Амир Темур хиёбони” ҳозирги номини 1994 йилда олган.
· Амир Темур ҳайкали Тошкентдаги “Амир Темур хиёбони”га ўрнатилган бўлиб, у ҳайкалтарош И. Жабборов томонидан ишланган бронза отлиқ ҳайкалдир.
· Яна бир ёдгорлик Шаҳрисабзда, Амир Темур буйруғи билан бунёд этилган Оқсарой харобалари яқинига ўрнатилган.
· Самарқанддаги буюк саркарда ҳайкали. Унда Соҳибқирон тахтда ўтириб, икки қўли билан қиличига таяниб турган ҳолда тасвирланган.
· 1996 йилда Тошкентда Темурийлар тарихи давлат музейи очилган.
· 1996 йилда Ўзбекистонда “Амир Темур” ордени таъсис этилган.
1996 йилда Ўзбекистонда Соҳибқиронга бағишланган почта блоки чиқарилган.