Сенат иш ташлаш ҳуқуқини кафолатловчи қонунни маъқуллади

Сенат ялпи мажлисида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга қаратилган қонун маъқулланди, ҳужжат билан иш ташлаш ҳуқуқини қонуний тартибга солиш назарда тутилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 апр — Sputnik. Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида сенаторлар фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга қаратилган қонунни маъқуллашди. Ҳужжат миллий қонунчиликни Халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларига мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қонун билан Меҳнат кодексида иш ташлаш ходимларнинг меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ва касбий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида иш берувчи билан жамоавий меҳнат низосини ҳал этиш усули сифатида меҳнат мажбуриятларини вақтинча, ихтиёрий ва биргаликда тўлиқ ёки қисман бажаришдан тийилиш экани мустаҳкамланмоқда.
Шунингдек, иш ташлаш ҳуқуқи кафолатланиб, иш берувчи ва меҳнат органларини хабардор қилиш тартиби, шунингдек томонларнинг бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда.
Сенаторлар ушбу қонуннинг қабул қилиниши иш ташлаш жараёнини қонуний асосда тартибга солишга хизмат қилишини ҳамда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларига риоя қилувчи давлат сифатидаги имижини мустаҳкамлашини ва хорижий инвестицияларни жалб этиш учун кенг йўл очиб беришини таъкидладилар.
Ўзбекистонда иш вақтидан ташқари меҳнат учун ҳақ тўлаш тартиби янгиланди: нималар ўзгарди?