Жавоҳир Синдаров FIDE Номзодлар турнирида Накамурани мағлуб этди

Кипрда Жавоҳир Синдаров дунё гигантларини бирин-кетин таслим этмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 апр — Sputnik. Кипрда бўлиб ўтаётган, жаҳон тожи учун ўйнаш имконини берувчи FIDE Номзодлар турнирида Жавоҳир Синдаров ғалабалар сериясини давом эттирмоқда.
Кеча у дунёнинг 2-рақамли (ўйиндан кейин 3-ўринга тушди) шахматчиси, шахмат оламида Магнус Карлсендан кейин энг кўп тилга олинадиган АҚШлик Ҳикару Накамура устидан қора доналарда ғалабага эришди.
Жавоҳир Синдаров
Синдаров 5 турда 4 та ғалаба қайд этиб, Номзодлар турнирида энг яқин таъқибчиси Фабиано Каруанадан 1 очкога илгарилаб кетди. Турнир бошланишидан аввал асосий фаворит дея эътироф этилган барча шахматчилар (Каруана, Праггнанандҳаа, Накамура) 5-тур якунидаёқ Жавоҳирга мағлуб бўлишга улгурди.
Шунингдек, у кетма-кет 3 та турда "Турнинг энг яхши ўйинчиси" деб топилди. Мусобақа бошида дунё рейтингида 20-ўринда бўлган ҳамюртимиз 4 та ғалабадан кейин 5-ўринга кўтарилди. Бу эса тарихда илк бор дунёнинг ТОП-5 талигида икки ўзбек шахматчиси бўлишини англатади.
Яна бир қизиқарли факт: турнир бошида Жавоҳирнинг ғалаба қозониш эҳтимоли 15% бўлган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 70% га етди.