ТОШКЕНТ, 3 апр — Sputnik. Шавкат Мирзиёев олий таълим, фан ва инновациялар тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар билан танишди.
Тақдимотда қуйидагилар таклиф этилди:
10 та олий таълим ташкилотига миллий тадқиқот университети мақоми берилади. "U10" дастури доирасида ушбу ОТМларда илмий кластерлар ташкил этилади. Бунда ОТМлар танлови ўқув муассаси илмий салоҳияти, миллий ва халқаро рейтинглардаги ўрни, илмий инфратузилмаси каби кўрсаткичлар асосида ўтказилади. Ушбу мақсадда Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 150 миллиард сўмгача маблағ ажратилади.
Натижага йўналтирилган молиялаштириш. 2027 йилдан бошлаб олий таълим ташкилотларини уларнинг миллий рейтингдаги натижаларига кўра молиявий рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади. Бунда университетлар таълим сифати, илмий фаолият, халқаро ҳамкорлик, рақамлаштириш ва битирувчилар бандлиги каби мезонлар асосида баҳоланади.
Давлат гранти ажратиш асослари қайта кўриб чиқилади. Бунда таълим йўналишининг мураккаблиги, меҳнат бозори эҳтиёжлари, университет рейтинги, ҳудудий омиллар ва профессор-ўқитувчилар меҳнатини рағбатлантириш каби кўрсаткичлар инобатга олинади.
Илмий тадқиқотларни молиялаштиришнинг янги тизими жорий этилади. Бунда ажратиладиган маблағларнинг камида 50 фоизи устувор йўналишларга сарфланади. Лойиҳаларни саралаш халқаро экспертиза, илмий-техник кенгашлар ва тармоқ корхоналари билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Хорижий талабаларни жалб этиш бўйича янги механизмлар таклиф қилинди. Жумладан, ҳар йили республика давлат олий таълим ташкилотларида 500 нафаргача иқтидорли чет эл фуқароларига олий таълим олиш учун грант ажратишни назарда тутувчи “Янги Ўзбекистон стипендияси” дастурини амалга ошириш белгиланмоқда.
Тақдимотда соҳада бошқарув самарадорлигини ошириш, рақамли таълим ва сунъий интеллектни ривожлантириш, ёшларнинг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган бошқа муҳим ташаббуслар ҳам муҳокама қилинди.