ТОШКЕНТ, 2 апр — Sputnik. “Ўзатом” агентлиги делегациясининг Россиянинг Татаристонга ташрифи ҳамда “ЭНЕРГОПРОМ” Қозон халқаро электр энергетика форумидаги иштироки доирасида етакчи илмий-таълим ва саноат ташкилотлари билан қатор учрашувлар ўтказилди.
А.Н. Туполев номидаги Қозон миллий тадқиқот техника университетида атом саноатининг юқори технологияли лойиҳалари учун лаборатория базасини биргаликда яратиш ва инновацион материалларни қўллаш истиқболлари муҳокама қилинди.
Қозон давлат энергетика университетида атом энергетикаси учун кадрларни мақсадли тайёрлаш, қўшма ўқув марказларини ривожлантириш, тажриба алмашиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Татаристоннинг тегишли тузилмалари ўртасида узоқ муддатли амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
“Химград” технополисига ташриф чоғида делегацияга Ўзбекистон ҳудудида ҳамкорликнинг амалдаги шакллари тақдим этилди.
Учрашувлар юқори малакали кадрлар тайёрлаш, саноат кооперацияси ва технологик инфратузилмани яратиш соҳасида Татаристоннинг илғор тажрибасини ўрганиш имконини берди.
Томонлар атом энергетикаси, фан ва саноат соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг аниқ йўналишларини белгилаб олди.