ТОШКЕНТ, 2 апр — Sputnik. Давлат органларининг ахборот хизматлари ОАВ ва ижтимоий тармоқларда мурожаатларни кўриб чиқиш юзасидан билдирилган эътирозларни доимий ўрганиб боради. Энди бу ҳолат улар фаолияти самарадорлигини баҳолашда ҳам инобатга олинади.
Бу норма президент имзолаган “Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда белгиланди.
Фармонга кўра, ахборот хизматлари бу ишни Халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда олиб боради. Улар ҳудудларда мурожаатлар билан ишлаш ҳолатини ёритиб боради.
1 майдан бошлаб Президент виртуал қабулхонаси ахборот тизимида мурожаатлар ижроси реал вақт режимида назорат қилинади. Белгиланган муддатдан ўтиб кетган мурожаатлар эса автоматик тарзда юқори турувчи давлат органига юборилади.
Шунингдек, Виртуал қабулхонага келган мурожаатлар “шошилинч”, “одатий” ва “маслаҳат талаб қилувчи” тоифаларга ажратилади. Назоратга қайтарилган мурожаатлар юқори турувчи органлар томонидан 3 иш куни ичида қайта ўрганиб чиқилади.
Яна бир янгилик шундаки, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг ҳисоботлари Қонунчилик палатаси ва Сенатда, ҳокимлар ҳамда ҳудудий идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари эса Сенат ёки маҳаллий кенгашларда ҳар чоракда камида бир марта эшитиб борилади.