“Тоза ҳаво” лойиҳаси: давлат хизматчиларига ойига 2 кун хизмат машинаси тақиқланади

Лойиҳада автомобилсиз кун, қурилишда кўкаламзорлаштириш меъёрлари, Тошкентда янги саноат зоналарига тақиқ, шаҳар ҳудудини зоналарга ажратиш, эски автомобилларни топширганларга имтиёз ва "яшил деворлар" барпо этиш чоралари кўзда тутилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. Ўзбекистонда атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилади. Бу бўйича президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 1 майдан ҳар ойнинг 10 ва 25 саналарида “Автомобилсиз кун” акцияси ўтказилади. Ушбу кунлари давлат фуқаролик хизматчилари томонидан хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш қатъиян тақиқланади.
2026–2030 йилларда лойиҳанинг асосий мақсадлари сифатида атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар ҳажмини 10,5 фоизга камайтириш, I ва II тоифадаги корхоналарда автоматик мониторинг станциялари ҳамда чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш, шунингдек PM2,5 бўйича миллий меъёрлардан ошиш кузатиладиган кунлар сонини қисқартириш белгиланди.
Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича махсус комиссия фаолияти 2027 йил 1 мартгача узайтирилади. Шу билан бирга, унинг мақоми республика даражасига кўтарилади. 1 апрелдан эса Тошкент шаҳрида янги саноат зоналарини ташкил этишга муддатсиз мораторий жорий қилинади.
1 июндан қурилиш объектларини мониторинг станциялари ва онлайн камералар билан жиҳозлаш, уларни Экология қўмитасининг ягона геоахборот базасига улаш, ҳуқуқбузарлик қилган ташкилотлар рейтингини пасайтириш ҳамда лойиҳа ҳужжатлари учун мажбурий экологик экспертиза хулосасини тақдим этиш тартиби жорий этилади.
Шунингдек, янги қуриладиган, баландлиги 12 метрдан ёки умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотлар учун ажратилган ер майдонининг камида 30 фоизи кўкаламзорлаштиришга ажратилиши шарт бўлади.
1 августдан “trade-in” дастури доирасида эски автотранспорт воситаларини топширган жисмоний ва юридик шахсларга янги транспорт хариди учун автокредит фоизининг бир қисми қоплаб берилади.
2026 йил охирига қадар “Экологик транспорт” тизими доирасида Тошкент шаҳри ҳудуди “қизил”, “сариқ” ва “яшил” зоналарга ажратилади.
1 апрелдан эса чанг бўронларининг олдини олиш мақсадида Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида “яшил девор”лар барпо этиш бошланади.
Эко-стикерларга изоҳ берилди: гибрид ва 3 йилдан ошмаган автомобиллар тоза тоифага киради