ТОШКЕНТ, 25 мар – Sputnik. Тошкентдаги “Биродарлар қабристони” ёдгорлик мажмуаси ҳудудида Улуғ Ватан ва Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонларига бағишланган “Хотира боғи” халқаро акцияси бўлиб ўтди. Тадбир Тошкентдаги Рус уйи Ўзбекистондаги “Ғалаба кўнгиллилари” халқаро жамоаси билан ҳамкорликда ташкил этди.
Тадбирда Россия элчиси Алексей Ерхов, Тошкент ва Ўзбекистон митрополити Викентий, Ўзбекистондаги Россотрудничество ваколатхонаси раҳбари Ирина Старосельская, Россия, Қозоғистон ва Беларуснинг мудофаа масалалари бўйича атташе вакиллари, қамалдаги Ленинград аҳолиси, ёшлар ҳамда кўнгиллилар иштирок этди.
Россия элчиси Алексей Ерхов ўз табрик нутқида мазкур акциянинг муҳимлигини таъкидлади.
“Биз бу дарахтларни сизу биз учун, Ватанимиз, тинчлик, барча инсонларнинг бахт-саодати учун жон фидо қилганлар хотирасига бағишлаб экмоқдамиз", — деди у.
Митрополит Викентий жангчилар ва Ватан ҳимоячилари хотирасини асраб-авайлаш зарурлигини қўшимча қилди.
“Биз доимо жангчиларимиз учун ибодат қиламиз. Бугун биз уларни эслаб, Худодан уларга мангу шодлик, бизга эса фаровонлик ва тинчлик ато этишини, улар жанг майдонида нима учун курашган бўлса, ўша бутун дунёдаги тинчликни биз кўпайтиришимиз ва сақлашимиз керак”, — деди у.
Ирина Старосельская “Хотира боғи” акцияси ҳақида сўзлаб, ҳар бир экилган кўчат қаҳрамонларга бағишланишини ҳамда ҳар бир иштирокчи лавҳага ўз қаҳрамонининг исмини ёзиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтириши ва эҳтиром кўрсатиши мумкинлигини таъкидлади.
“Бугун биз билан бирга, қаҳрамонлар хотирасига бағишлаб дарахт экиш учун очиқ кўнгил билан келган ёш ва Ғалаба кўнгиллилари ҳам бор. Ёшлар: ўқувчилар ва талабалар яқинлашиб келаётган байрам – Ғалаба куни эканлиги ҳамда бугунги тадбир жуда муҳим воқеалиги ва бу хотира эканлигини тушунишларидан жуда хурсандман”, – деди у Sputnik Ўзбекистон мухбирига берган интервьюсида.
Тадбир доирасида иштирокчилар келажак авлодларнинг тинчлиги ва озодлиги йўлида жон фидо қилганлар хотирасининг тирик рамзига айланган 50 тадан ортиқ Қрим қарағайи ва каштан кўчатларини экишди.
“Хотира боғи” халқаро акцияси ҳар йили дунёнинг турли мамлакатларида ўтказилади. Унинг мақсади — Улуғ Ватан уруши йилларида ҳалок бўлган 27 миллион совет фуқароси хотирасига 27 миллион туп дарахт экиш.