ТОШКЕНТ, 24 мар – Sputnik. Афғонистондан “Термиз-автомобиль йўли” халқаро ўтказиш пункти орқали картошка кўринишида ниқобланган 72 килограммдан ортиқ наркотик модда олиб киришга уриниш фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлиги хизмати (ДХХ) матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Сурхондарё вилояти Термиз туманида яшовчи, 2001 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги “MAN” русумли юк автомашинаси мазкур ўтказиш пунктига кириб келган вақтда ДХХ Чегара қўшинлари ва божхона идоралари ходимлари ҳамкорлигида белгиланган тартибда кўрикдан ўтказилган.
Раскрыто 72 кг наркотических веществ, замаскированных под картофель
© Пресс-служба СГБ
Кўрик давомида автомашина юкхонасида картошка маҳсулотлари борлиги аниқланган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари синчковлик билан текширилганда улар орасига картошка кўринишида ясалган 222 дона бўлак яширилгани маълум бўлган.
Уларнинг ичида жами 72 кг 300 грамм “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситалари Россияга олиб кетилиши режалаштирилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.