ТОШКЕНТ, 23 мар – Sputnik. Жанубий Кореядаги заводда юз берган ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар орасида ўзбекистонликлар йўқ. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
“Жанубий Корея Республикасининг Тэчжон шаҳридаги автоқисмлар ишлаб чиқариш заводида рўй берган ёнғин оқибатида ҳалок бўлган ва жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлигини маълум қиламиз”, - дейилган хабарда.
Таъкидланишича, мазкур масала Ўзбекистон ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаментининг доимий назоратида бўлиб, Кореядаги дипломатик ваколатхонамиз орқали тегишли идоралар билан яқин ҳамкорликда ишлар давом эттирилмоқда.
Зарурат юзага келган тақдирда Ўзбекистон фуқаролари Кореядаги элчихонага қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилиши мумкинлиги эслатилган:
+82 10 3213 4505;
+82 10 2909 4334.
Эслатамиз, 20 март куни Тэчжон шаҳридаги автомобиль бутловчи қисмлари ишлаб чиқарувчи заводда йирик ёнғин келиб чиққан эди. Оқибатда корхонадаги 170 нафарга яқин ишчидан 14 нафари ҳалок бўлган, 60 киши жабрланган.