Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити” билан илк совринини қўлга киритди

Ўзбекистонлик футболчи Ҳусанов Англия Лига кубоги финалида “Арсенал”га қарши ўйинда тўлиқ 90 дақиқа майдонда ҳаракат қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 мар – Sputnik. “Манчестер Сити” жамоаси Англия Лига кубоги финалида “Арсенал”дан устун келди. Бу ғалаба ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановга "шаҳарликлар" таркибидаги илк кубогини келтирди.
Учрашув якшанба куни "Уэмбли" стадионида бўлиб ўтди. “Арсенал”ни 2:0 ҳисобида мағлуб этган “Манчестер Сити” тўққизинчи бор Англия Лига кубоги соҳиби бўлди.
Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибда бошлаб, тўлиқ 90 дақиқа майдонда ҳаракат қилди. Футболчи учрашувнинг 32-дақиқасида Виктор Дёкерешга нисбатан қўпол ҳаракат қилгани учун ҳакам томонидан сариқ карточка билан жазоланди.

Шунингдек, Ҳусанов Англия Лига Кубогини ютган илк ўзбекистонлик футболчига ҳам айланди. Мазкур соврин спортчи учун “Манчестер Сити”даги биринчи олтин медал ҳисобланади.

Ҳусанов Англиянинг "Манчестер Сити" жамоасига 2025 йил январида қўшилган. Клуб ўзбекистонлик ҳимоячи билан 2029 йилгача шартнома тузган. Келишувни яна бир йилга узайтириш имконияти кўзда тутилган.
Ҳусанов фаолиятини Ўзбекистоннинг "Бунёдкор" клуби академиясида бошлаган, аммо мураббийлар уни асосий жамоага қабул қилмаган. 2022 йилда у Беларуснинг "Энергетик-БГУ" клубига ўтган ва у ерда асосий таркиб футболчисига айланган.
2023 йилда Ҳусанов Ўзбекистон ёшлар жамоаси (U-20) билан Осиё кубогида ғолиб чиққан. У дунёнинг энг истиқболли ҳимоячилари рўйхатига киритилган. Кейинчалик у асосий миллий жамоа аъзосига айланди.
Ўша йили "Ланс" Ҳусановни 100 минг евро эвазига ўз сафига қўшиб олганди. Кейин футболчи "Ланс" тарихидаги энг қиммат трансферга айланиб, АПЛга йўл олди.
Мирзиёев футболчи Абдуқодир Ҳусанов билан учрашди