ТОШКЕНТ, 22 мар - Sputnik. 2026 йилнинг дастлабки уч ойида Ўзбекистондаги қуёш ва шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми 2 млрд кВт⋅соатга етди, деб хабар қилмоқда Энергетика вазирлиги.
2026 йил бошидан кеча, 20 март куни ҳолатига қуёш фотоэлектр станциялари томонидан 959,2 млн кВт⋅соат, шамол электр станциялари томонидан эса 1 млрд 56,2 млн кВт⋅соат, жами 2 млрд 15,4 млн кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилнинг мос давридагидан 43 фоизга кўп, - дейилади хабарда.
Бугунги кунда республикада умумий қуввати 5 582 мегаватт бўлган 15 та қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда 5 та шамол электр станцияси "яшил" энергия ишлаб чиқармоқда.
Маълумки, Республикада қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланила бошланган 2022 йили Навоий ва Самарқанд вилоятларидаги қуёш фотоэлектр станциялари томонидан 434 млн кВт⋅соат, 2023 йилда эса 576,9 млн кВт⋅соат энергия ишлаб чиқарилган.
2024 йили 9 та қуёш ва 1 та шамол электр станцияси томонидан ишлаб чиқарилган жами электр энергияси ҳажми 4 млрд 860 млн кВт·соатни ташкил қилган бўлса, 2025 йилда барча қуёш ва шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми 10,5 млрд кВт⋅соатга етди.
2026 йил бошидан 20 март кунига қадар Ўзбекистондаги барча гидроэлектр станциялар ва қуёш ҳамда шамол электр станциялари томонидан 3 млрд 160 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилди.
Бунинг натижасида 839 млн куб метр табиий газ тежашга эришилди ва атмосферага 1 млн 808 минг тоннадан ортиқ зарарли моддалар чиқишининг олди олинди.