Эрон ўзининг энг янги дрони ҳақида айтиб берди

Теҳрон кеча "Бен Гурион" аэропортига ҳужумда ёқилғи қуювчи самолётларга хизмат кўрсатиш учун ишлатиладиган ёқилғи бакларини нишонга олган эди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 мар — Sputnik. Эрон ҳарбийлари Тель-Авивнинг "Бен Гурион" аэропортига қилинган ҳужумда энг янги "Араш-2" камиказе дронларидан фойдаланган, деб хабар беради "Тасним" ахборот агентлиги.
"Араш-2" дронлари учиш масофаси 2000 километрни ташкил этади ва бизнинг терминологиямизда Исроилга зарба берадиган дронлар сифатида танилган", - дейилади хабарда.
Ушбу дроннинг радар кесими жуда кичик бўлгани учун у душман радар тизимларидан осонгина ўта олади. Уни аниқлаш жуда қийин. Бундан ташқари, у узоқ вақт давомида парвоз қилиши мумкин ва бошқа дронларга нисбатан арзон. Шу сабабли у дронга қарши учирилган зенит ракеталарига нисабатан тежамкор ечим ҳисобланади.
"Арш-2" дрони жуда тез ишлаб чиқарилади ва уни учишга тайёрлаш тезлиги жуда юқори. Шунинг учун, қачон қарор қилсак, биз бу дронларнинг кўп сонини жуда осонлик билан учиришимиз мумкин, дейилади хабарда.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужуми

28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эронга зарба беришни бошлади. Зарбалар Эроннинг ядровий дастури борасида музокаралар олиб борилаётган вақтда амалга оширилди.

АҚШ ва Исроил зарбалари оқибатида Эрон Олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий ҳалок бўлди. Ундан ташқари, Миноб шаҳрида қизлар бошланғич мактабига берилган зарба оқибатида 171 нафар бола ва 15 нафар ўқитувчилар ҳалок бўлди.

Эрон Исроил ҳудудига, шунингдек, Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий базаларига жавоб зарбалари берди. Бир неча кун давомида БАА, Баҳрайн, Уммон, Ироқ, Саудия Арабистони, Қатар ва бошқа қатор давлатлардаги АҚШ ҳарбий базалари зарбага учради.

Эрон Ҳўрмуз бўғозини ёпиб қўйди ва кемалар фақат Эрон билан келишилган тартибда ундан ўтиши мумкинлигини эълон қилди. Бунинг ортидан жаҳон бозорларида нефт нархи ошишни бошлади.

Россия президенти Владимир Путин Эрон олий раҳбарига суиқасд барча инсоний ахлоқ нормалари ва халқаро ҳуқуқни бузиш эканини таъкидлади. Россия ва Хитой 1 март куни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда мажлисини чақирди.