“Янги Ўзбекистон” боғида Наврўз тантаналари бўлиб ўтди

Маросим дастуридан президент табриги, концерт ва миллий услубдаги театрлаштирилган томошалар дастури ўрин олган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 мар — Sputnik. “Янги Ўзбекистон” боғида Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросим бошланди.
Маросим бошида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Наврўз байрами билан табриклади.
Праздование Наврўза в Ташкенте
"Табиатнинг уйғониши ва руҳий покланиш рамзи бўлган мана шундай қутлуғ айёмлар билан сизларни, кўп миллатли бутун халқимизни чин қалбимдан самимий табриклайман.Дунёнинг олис ва яқин мамлакатларида ишлаётган, таҳсил олаётган ватандошларимизни ҳам муборакбод этиб, уларга эзгу салом ва тилакларимизни изҳор этаман.Байрам барчамизга муборак бўлсин!", - деди президент.
Давлат раҳбари шунингдек Ўзбекистон ҳукумати томонидан янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш борасида ҳам улкан қадамлар қўйилмоқда. Янги-янги замонавий корхоналар, коммуникация тармоқлари, шинам уй-жойлар, таълим, тиббиёт, маданият ва спорт объектлари барпо этилаётгани қайд этди.
Келгусида бундай қурилишлар кўлами янада кенгайтирилиши таъкидланди.
“Ушбу файзли тонгда миришкор деҳқон ва фермерларимизга барчамиз юксак ҳурмат ва эҳтиром билдирамиз.

Сиз, азизларнинг элимиз дастурхонини янада тўкин ва фаровон қилишдек эзгу ишларингизда зафар ва омадлар тилаймиз. Чунки сизларнинг олижаноб меҳнатингиз билан халқимизнинг ризқу насибаси бутун бўлади. Бу борада давлатимиз, жамиятимиз сизларни доимо қўллаб-қувватлайди”, - деди давлат раҳбари.

Праздование Наврўза в Ташкенте
Янги Ўзбекистон мамлакатимиз ёшлари учун юксак парвозлар, катта-катта ғалабалар майдонига айланиб бормоқда. Ҳар бир йўналишда – таълим, илм-фан, маданият ва санъат, спорт, ахборот технологиялари ва бизнес соҳаларида янги номлар, янги қаҳрамонлар пайдо бўлмоқда. Мана шундай билимли, жўшқин ва изланувчан ўғил-қизлар билан барчамиз ҳақли равишда фахрланамиз.
Бугунги тинч ва осойишта ҳаётнинг, яратилган катта имкониятлар, ота-оналар, устоз-мураббийларингиз меҳнатининг қадрига етиб, тинимсиз ўқиб-ўргансангиз, билим ва маҳоратингизни доимо ошириб борсангиз, келажак, албатта, сизникидир.
Бу йўлда сизларга, бутун Ўзбекистон ёшларига яна қандай шароит зарур бўлса, барчасини яратиб беришга тайёрмиз. Ватан учун, миллат учун, халқ учун деб яшасангиз, Ватан ва халқ ҳам сизни эъзозлаб, бошига кўтаради!
Янги Ўзбекистоннинг олтин авлоди бўлиб, унинг зафар байроғини баланд кўтаришдан ҳеч қачон тўхтаманг, азиз фарзандларим!”, – деди давлат раҳбари.
Праздование Наврўза в Ташкенте
Маҳалла деганда, кўз олдимизда, аввало, она юртимизнинг гўзал тимсоли намоён бўлади.
Президент эртага нишонланадиган Маҳалла тизими ходимлари куни билан жонкуяр маҳалла раислари ва фаолларини, барча юртдошларимизни чин қалбдан табриклаб, уларга янги муваффақиятлар тилади.
Минг йиллар давомида халқлар ўртасида маънавий кўприк бўлиб келаётган Наврўзнинг тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик ғоялари бугунги нотинч замонда янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Юртимизда яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бу байрамни бир бўлиб, шоду хуррамлик билан нишонламоқда. Мана шундай аҳиллик ва тотувлик Янги Ўзбекистонимизни биргаликда барпо этишнинг энг ишончли кафолатидир.
“Биз жамиятимизда миллатлар ва динлараро ҳамжиҳатликни бундан буён ҳам мустаҳкамлаш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз. Бу борада қўшни ва қардош мамлакатлар билан бирга ягона Марказий Осиё овози бўлиб, минтақамизнинг тинчлик, биродарлик ва ҳамкорлик макони сифатидаги нуфузини оширишга устувор аҳамият қаратамиз”, – деди президент.
Давлатимиз раҳбари тадбирда иштирок этаётган хорижий давлатларнинг элчиларини, халқаро ташкилотлар вакилларини Халқаро Наврўз куни билан самимий қутлаб, уларнинг ўлкалари ва халқларига қизғин табрикларини йўллади.
Правзднование Навруза в парке "Янги Ўзбекистон"