Самарқандда Россия бош консулхонаси очилмоқда: унинг асосий вазифалари нималардан иборат

Самарқандда Россия бош консулхонасини ишга тушириш учун бино, инфратузилма, кадрлар ва техник таъминот бўйича комплекс ишлар олиб борилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 мар — Sputnik. Россия ва Ўзбекистон Самарқандда Россия бош консулхонасини ишга тушириш бўйича комплекс ишларни олиб бормоқда. Бу ҳақда РИА Новостига Россиянинг ушбу шаҳардаги биринчи бош консули Евгений Хоришко маълум қилди.
Бир кун аввал Россия Ташқи ишлар вазирлиги Хоришко Россиянинг Самарқанддаги бош консули этиб тайинлангани ҳақида хабар берган эди.
“Ҳозирда техник ва ташкилий чора-тадбирлар комплекси амалга оширилмоқда: бино танланмоқда, зарур инфратузилма шакллантирилмоқда, кадрлар ва моддий-техник таъминот масалалари ишлаб чиқилмоқда”, — деди Хоришко.
Унинг сўзларига кўра, бош консулхона консуллик округи ҳудудидаги Россия фуқароларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга устувор аҳамият қаратади.
“Биз ватандошларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг мурожаатларига тезкор жавоб бериш ишимизнинг асосий вазифаси эканлигидан келиб чиқамиз”, — деди дипломат.
Хоришконинг таъкидлашича, бош консулхона Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашда ҳам фаол иштирок этади. Гап ҳудудлараро, ишбилармонлик, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги икки томонлама алоқаларни кенгайтириш ҳақида бормоқда.

Евгений Хоришко Россия ТИВ марказий аппаратида ва хорижда турли лавозимларда ишлаган. У 2020–2022 йилларда Россиянинг Клайпедадаги бош консули, 2022–2024 йилларда Россия ТИВ Шимолий Америка департаментида бош маслаҳатчи, 2024 йил декабридан эса Шимолий Атлантика департаментида бош маслаҳатчи бўлиб ишлаган.

Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси ЖИДУда Россия ташқи сиёсати ҳақида маъруза ўқиди