Оғир вазнли юк ташувидаги тадбиркорлар муаммолари ечими учун ишчи гуруҳ тузилди

18 тонна ва ундан ортиқ юк ташиш қувватига эга автотранспорт воситалари эгалари соҳадаги мавжуд муаммоларни ўрганиш учун маълумот тақдим этишга чақирилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 мар — Sputnik. Тадбиркорларнинг катта ҳажмли ва оғир вазнли автотранспорт воситалари орқали юк ташувларида юзага келаётган масалаларга ечим топиш мақсадида махсус ишчи гуруҳ ташкил этилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ишчи гуруҳ катта ҳажмли ва оғир вазнли юк ташувларини тартибга солиш, шунингдек юк ташишдаги вазн ва ҳажм меъёрларига риоя этилишини таъминлаш масаласи бўйича фаолият олиб боради. Гуруҳ таркибига Транспорт вазирлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси ҳамда Транспорт назорати инспекцияси мутахассислари киритилган.
Мазкур гуруҳ ушбу йўналишда республика миқёсидаги вазиятни ўрганиб, таҳлил қилади ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқади.
Шу муносабат билан, 18 тонна ва ундан ортиқ юк ташиш қувватига эга автотранспорт воситалари эгалари тегишли маълумотларни шакллантиришда фаол иштирок этишга чақирилди. Таъкидланишича, маълумотларнинг аниқ ва тўлиқ тақдим этилиши муаммоларга самарали ечим топишда муҳим аҳамиятга эга.
Фуқаролар ва ташувчилардан тегишли маълумотларни белгиланган шаклда тўлдириб, Telegram’даги @KattaHajmliyuklar профилига юбориш сўралган.
Шунингдек, маълумотларни 1393 қисқа рақами орқали қолдириш ёки @TashuvchigaKomakBot махсус Telegram-боти орқали ҳам юбориш мумкин.
2025 йил якунлари: Ўзбекистонда автомобиль орқали юк ташиш соҳасида нималар рўй берди