Тошкентдаги “Катта дубулға”да Ўзбекистон дзюдочилари 3 та медаль қўлга киритди

Тошкентдаги дзюдо бўйича “Катта дубулға” турнирининг биринчи кунида Ўзбекистон терма жамоаси 3 та медаль қўлга киритди — 1 кумуш ва 2 бронза.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik. Тошкентда бошланган дзюдо бўйича “Катта дубулға” турнири мусобақаларининг биринчи кунида Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари 3 та медаль қўлга киритди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.
-73 кг вазн тоифасида Шаҳрам Аҳадов финалгача ишончли етиб борди, аммо ҳал қилувчи беллашувда тожикистонлик Ориф Абдуллоига мағлуб бўлиб, кумуш медаль билан чекланди.
-73 кг вазн тоифасида бронза учун кечган баҳс икки ўзбекистонлик спортчи — Муҳаммад Жумаев ва Элбек Тожиев ўртасида ўтди. Қизиқарли ва кескин курашда Тожиев устун келиб, бронза медалга сазовор бўлди.
-81 кг вазн тоифасида Муроджон Йўлдошев бронза медалини қўлга киритди. У шоҳсупа учун баҳсда Арслон Тожиевни мағлуб этди.
Эслатиб ўтамиз, турнирнинг тантанали очилиш маросими 28 февраль куни Тошкентдаги “Ҳумо арена” мажмуасида бўлиб ўтди. Унда Халқаро дзюдо федерацияси президенти Мариус Визер, Ўзбекистон Спорт вазирлиги, МОҚ ҳамда мамлакат дзюдо федерацияси раҳбарияти иштирок этди.
Халқаро дзюдо федерацияси президенти Тошкентга келди