Танкер чўктирилиши, қирувчи самолётларга ҳужум, халқаро баёнотлар: Эрон бўйича янгиликлар

Яқин Шарқдаги можаро кенгаймоқда. Форс кўрфазида юзлаб танкерлар тўхтади, Ҳурмуз бўғозида хавф кучайди, Эрон ва Исроил ўртасида зарбалар алмашинуви давом этмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik. Эрон ва бутун Яқин Шарқда вазият тобора кескинлашмоқда: Форс кўрфази ва Ҳурмуз бўғози атрофида денгиз ҳаракати чекланмоқда, Эрон ва Исроил ўртасидаги зарбалар давом этмоқда.
Форс кўрфазида танкерлар тўхтади
Reuters агентлиги хабар беришича, камида 150 та танкер, жумладан хом нефть ва суюлтирилган газ ташувчи кемалар Ҳурмуз бўғозидан ташқаридаги Форс кўрфази сувларида лангар ташлаган. Яна ўнлаб кемалар бўғознинг нариги томонида тўпланган.
Аввалроқ Эрон ҳарбийлари Ҳурмуз бўғозини ёпганини маълум қилган.
Денгиз хавфсизлиги маркази Палау байроғи остидаги танкерга ҳужум уюштирилганини, экипажнинг тўрт аъзоси жароҳатланганини маълум қилган. Эроннинг IRIB телерадиокомпанияси эса зарбага учраган танкер чўкиб кетаётгани ҳақида хабар берди.
Қурбонлар ва янги зарбалар
ISNA агентлиги маълумотига кўра, АҚШ ва Исроил зарбалари оқибатида Эроннинг марказий қисмида камида 12 нафар ҳарбий ҳалок бўлган. Эрон Қизил ярим ойлиги 28 февраль ҳолатига кўра, ҳужумлар натижасида 201 киши ҳалок бўлгани ва 747 киши жароҳатланганини билдирган.
IRIB маълум қилишича, Эрон дронлар ёрдамида ракета зарбаларининг янги тўлқинини бошлаган. Ўз навбатида, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Эрон ғарбидаги “Табриз” аэропортидаги иккита F-5 ва F-4 қирувчи самолётига зарба берганини маълум қилди.
Ироқ пойтахти Бағдодда намойишчилар АҚШ элчихонаси жойлашган “яшил ҳудуд”га киришга уринган. Хавфсизлик кучлари бетон тўсиқлар ва сув пуркагичлар ёрдамида уларни тўхтатган.
Баҳрайн пойтахти Манамадаги Crown Plaza меҳмонхонаси Эрон ҳарбийлари томонидан ҳужумга учраган, бинога моддий зарар етган, аммо қурбонлар йўқлиги маълум қилинди.
Теҳрон қўшни давлатларни АҚШ ҳарбий базаларини ёпишга чақириб, уларни эҳтимолий жавоб зарбалари учун қонуний нишон деб атади.
Дипломатик баёнотлар
Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Саид Хатибзода Форс кўрфази давлатларини ўз ҳудудидаги АҚШ ҳарбий базаларини ёпишга чақирди. Акс ҳолда Теҳрон жавоб чораларини кўришини айтди.
Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Москва Хитой билан мувофиқлашган ҳолда БМТ ва ШҲТ платформалари орқали зудлик билан жанговар ҳаракатларни тўхтатишга чақиришини билдирди.
Хитой ташқи ишлар вазири Ван И эса АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши зарбаларини ва суверен давлат раҳбарини очиқчасига ўлдириш ва ҳокимиятни ўзгартиришга ундашни “номақбул” деб атаб, дипломатик музокараларга қайтиш зарурлигини таъкидлади.
Зарбалар оқибатида Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Саййид Али Ҳусайний Хоманаий ҳалок бўлди