ТОШКЕНТ, 24 фев — Sputnik. Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) кенгаши интернет тармоғида интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича битим лойиҳасини имзолаш учун Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) давлатларига юборди. Бу ҳақда ЕИК матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, ҳужжатни қабул қилишдан олдин мамлакатлар уни миллий тартиб-таомиллар асосида кўриб чиқиши керак.
Битим интернетда интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича асосий чораларни белгилайди. Хусусан, ноқонуний контентдан фойдаланишни суд қарори асосида чеклаш, интернет-ресурслар эгаларининг бундай контентга киришни чеклаш мажбуриятини белгилаш, шунингдек, чеклов қўлланилган ахборот ресурслари бўйича электрон реестр юритиш назарда тутилган.
Шу билан бирга, ҳужжат аъзо давлатларга миллий қонунчилигида назарда тутилмаган қўшимча чораларни кўришни чекламайди.
ЕИК иқтисодиёт ва молиявий сиёсат вазири Бахит Султановнинг сўзларига кўра, ЕОИИнинг барча давлатлари битим лойиҳасини миллий даражада келишиб олган. Бу эса ҳужжат имзолашга тайёр эканини англатади.
"Келишув бутун медиа ва ижодий ҳамжамият учун муҳим сигналдир. Биз Иттифоқ маконида ҳуқуқ эгаларининг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш имконини берадиган тушунарли ва шаффоф ўйин қоидаларини яратмоқдамиз", — деди Бахит Султанов.
ЕОИИ
Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) - 2015 йил 1 январдан фаолият юритиб келаётган халқаро иқтисодий бирлашма. Иттифоққа ҳозир Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзодир. Ўзбекистон 2020 йилда ЕОИИда кузатувчи мақомини олди. Молдова, Куба, Эрон ҳам кузатувчи мақомига эга.