Ўзбекистонда энг машҳур мультфильмлар қандай яратилмоқда

United Soft студияси ҳикояси: карантин пайтида бошланган ижод, кутилмаган жойда машҳурлик ва анимацион экотизимини яратиш ҳақида.
Sputnik
Сўнгги йилларда Ўзбекистон анимацияси сезиларли ютуқларга эришиб ўзини жиддий намоён этмоқда. Янги студиялар пайдо бўлмоқда, биринчи тўлиқ метражли мультфильм экранга чиқди, мультсериал лойиҳалари ишга туширилмоқда. Улар орасида “Бек ва Лола” ҳамда “Доно ва Момомо” мультфильмлари бор.
Бу мультфильмларнинг яратувчилари - United Soft жамоаси - ўз фаолиятини чет эл кинолари учун визуал эффектлар яратишдан бошлаган, пандемия даврида эса ўз анимацион лойиҳасини амалга оширишга қарор қилган студия.
Компания 2011 йилдан бери фаолият юритиб келмоқда. Дастлаб жамоа реклама роликлари, мусиқий клиплар яратишди, кейинчалик маҳаллий фильмлар учун постпродакшн билан шуғулланишди.
“2016 йилдан бошлаб глобал бозорга чиқдик. Россия, Корея, Ҳиндистон учун визуал эффектлар яратдик. Асосан Ҳиндистон бозорини эгалладик”, - дейди “United Soft” компаниясининг креатив директори Бекзод Мирфаёзов.
Пандемия ҳамма нарсани ўзгартириб юборди. Суратга олишлар тўхтади, кино саноати силжимай туриб қолди.
“Инқироз юз берди. Бизда эса анча олдин болалар учун мультфильмлар яратиш ғояси пайдо бўлган эди. Карантин даврида ўз IP’имизни ишлаб чиқишга қарор қилдик ва болаларга эзгу ҳамда ибратли ҳикояларни айтиб берадиган қаламлар ҳақидаги “Доно ва Момомо” номли болалар сериалини яратишга киришдик”, - дейди Мирфаёзов.
Лойиҳа катта қамровли маркетингсиз табиий ўсишни бошлади. Канал тез орада маҳаллий бозорда етакчи ўринга чиқди. Кейинчалик сериал рус, қозоқ, инглиз ва испан тилларига таржима қилинди.
“Биз мультфильмни тарғиб қилиш ва маркетингга алоҳида эътибор қаратмаган эдик. Бироқ, кутилмаганда у оммалаша бошлади, одамлар уни ижтимоий тармоқларда улашиб, сериялардан лавҳалар тайёрлай бошлашди. Бу ҳолат фақат маҳаллий бозордагина эмас, балки халқаро миқёсда ҳам кузатилди: испан тилидаги кўрсатувлар сони кескин ўсди”,– деди у.
2024 йилда президент қўллаб-қувватлаши ва Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда United Soft жамоаси янги лойиҳани ишга туширди – “Бек ва Лола” номли ўзбек ретрофольклорига асосланган мусиқий мультсериал.
“Лойиҳанинг шиори – “Ўйла, куйла ва билим ол”. Биз ота-оналарга болаликдан таниш бўлган фольклор қўшиқлардан фойдаланамиз. Шунинг учун, улар кичкинтойлардан тортиб катталаргача барчага манзур бўлмоқда. Бугунги кунга келиб, сериалнинг YouTube’да 400 мингдан ортиқ обуначиси ва 300 миллиондан зиёд кўришлари бор”, - дея таъкидлади Мирфаёзов.
“Бек ва Лола”нинг 26 дан ортиқ қисми аллақачон эфирга узатилган, йил охиригача уларнинг сони икки бараварга кўпайтирилиши режалаштирилмоқда.
Мусиқа ҳар бир қисмнинг асосидир. Композитор Шерзод Мардиев нафақат кадрда жаранглаётган, балки тарбиявий аҳамиятга эга бўлган матн ва куйларни яратади. “Бек ва Лола” саундтреклари билан альбом Яндекс. Мусиқада ҳам бор.
“Ҳар бир иш - янги челенж. Масалан, рақс бўйича, ўзим раққос бўлмаганимдан, интернетдан қизиқарли ҳаракатларни топиб, уларни мусиқамизга мос келадиган тарзда бирлаштирама, кейин эса анимация тилига ўтказамиз . Анимацияни кўриш қизиқ бўлиши керак, шу сабабли баъзи жойларда ҳаракатларни секинлаштирамиз, баъзиларда тезлаштирамиз," - деб эътироф этади бош аниматор Жавоҳир Камолов.
“Бек ва Лола” лойиҳаси оддий мультсериал чегарасидан чиққан. 2025 йил июнь ойида унинг қаҳрамонлари расмлари Тошкент метрополитени поездларини безади. Яқинда эса шу номдаги мобил илова ишга туширилди.
Лойиҳа менежери Солиҳа Каримова бир ярим ой олдин илова чиқарилганини ва шу кунгача ўйинда 70 мингга яқин фойдаланувчи борлигини маълум қилди.
“Иловада 3 ёшдан 8 ёшгача бўлган болаларга 60 тадан ортиқ мини-ўйинлар бор. Ҳар бир ўйин мантиқий фикрлаш, майда моторика, тафаккур, ҳарф ва рақамларни ўрганиш каби муайян кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган”, - дея таъкидлади у.
Ўйин миллий мусиқа ва қаҳрамонларнинг ўзига хос овозларини ўз ичига олади. Режада таълим функциясини мунтазам янгилаб бориш ва кенгайтириш кўзда тутилган. Шунингдек, жамоа болаларнинг нутқи, билими ва кўникмаларини ривожлантиришга ёрдам берадиган элементларни контентга киритиш учун педагог ва логопедлар билан маслаҳатлашади.
Студия вакилларининг таъкидлашича, ўзбек анимация мактаби ҳозирги кунда сезиларли юксалмоқда.
“Бизда студиялар кўп эмас, ҳамма бир-бирини танийди. Аммо сўнгги 5-10 йилни таққосласак, ўсиш жуда сезиларли”,–деди Мирфаёзов.
United Soft “Доно ва Момомо” мультсериалининг иккинчи мавсумини якунлашни ва лойиҳани хорижий онлайн платформаларда, эҳтимол телевидениеда ҳам, тарғиб қилишни режалаштирмоқда. “Бек ва Лола” ҳам нафақат мультсериал сифатида, балки тўлақонли болалар анимацион экотизими сифатида ҳам ривожланишни давом этмоқда.
Ўзбекистонда миллионлаб кўришларга эга бўлган мультфильмлар қандай яратилиши ҳақида батафсил маълумотни Sputnik Ўзбекистон видеолавҳасида томоша қилинг.