Тошкентдаги Пучон университети иккинчи марта SputnikPRO таълим модули майдони бўлди. Бу сафар мулоқот бугунги кунда журналист, дизайнер, SMM мутахассис, АТ-дастурчи ва бошқа кўплаб касб эгалари учун долзарб бўлган мавзу — нейротармоқлар ҳамда визуал контент келажагига бағишланди.
Спикер сифатида “Россия сегодня” медиагуруҳи фотоахборот дирекциясининг СИ - бильд муҳаррири Анна Маркелова иштирок этди. У Тошкентда биринчи марта эмас: 2025 йил октябрида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида маъруза ўқиган эди.
Анна Маркелова нейротармоқлар ОАВ учун тасвирларни қандай яратиши, тарихни “жонлантириши” ва контентни қизиқарлироқ қилиши, нима учун ҳатто сифатли яратилган материаллар ҳам профессионал таҳрирлашни талаб қилиши ҳамда СИ тасвирини ҳақиқий фотосуратдан ажратишда қандай тафсилотлар ёрдам бериши ҳақида сўз юритди.
Кўплаб талабалар учун маъруза одатий технологияларга янгича назар ташлаш имконини берди. Улар учрашувнинг амалий хусусиятини таъкидлашди.
“Midjourney борлигини, унинг яхши эканини билардим, аммо, масалан, яқинда ўша Nana Banana чиққанини ва у ОАВ маслаҳатчиси ёки сайт яратувчининг кундалик ишида қанчалик фойдали бўлиши мумкинлигини билмагандим”, — деди Тошкентдаги Пучон университети ахборот технологиялари факультети талабаси Максим Пак.
Унинг сўзларига кўра, маърузадан сўнг айрим воситаларни ўз фаолиятида синаб кўрмоқчи.
Бошқалар нейротармоқ яратган тасвирни яхшилаш учун қўллаш мумкин бўлган кутилмаган имкониятларни кашф этганликларини тан олишди.
“Сунъий интеллектгаPhotoshop’да қўшимча ишлов берилишини билмасдим, сурат ва видеоларни яратадиган турли нейротармоқлар кўплигини билмасдим. Бу фото ва видеоларнинг сифати қанчалик яхши эканидан ҳайратдаман”, — дея тан олди Максимнинг курсдоши Артём Галенко.
Ёшлар яратиш хизматлардан фойдаланилган тақдирда ҳам, контент сифати учун якуний масъулият инсон зиммасида қолишига яна бир бор амин бўлишди. Нейротармоқ мустақил муаллиф эмас, балки бир воситадир.
Тасвирларни текшириш мавзуси алоҳида қизиқиш уйғотди.
“Мен фотосуратда СИ фойдаланган ёки йўқлигини аниқлайдиган махсус сайтлар борлигини билиб олдим”, — деди Тошкентдаги Пучон университети Мультимедиа ва ўйин контенти факультети талабаси Анна Квон.
Унинг айтишича, муҳаррирлар учун мўлжалланган воситаларга эга QR-кодлар, шунингдек, талабаларга ўқишда ёрдам берадиган сервислар ҳам фойдали бўлган.
Учрашувда SputnikPRO модулларида биринчи марта иштирок этмаётганлар ҳам бор эди. Улар орасида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети талабаси Зиёджон Қурбонов ҳам бор. У Анна Маркелованинг Тошкентдаги аввалги маърузасига кела олмаган, шу сабабли Пучон университетида спикер билан учрашувни интиқлик билан кутган эди.
“Ҳозир XXI аср — технологиялар асрида нейротармоқлар бутун дунёни эгаллаболмоқда. Журналистика ҳам, албатта, бундан мустасно эмас. Нейротармоқлар билан профессионал даражада ишлаш журналистларнинг зиммасида қолади”, — деди талаба.
Пучон университетида бўлиб ўтган иккинчи SputnikPRO тадбири 50 нафардан ортиқ талабани жамлади. Маърузадан сўнг талабалар спикерга савол бериш ва ўз фикрлари билан алмашиш имкониятига эга бўлишди.
Маҳорат дарси, нейротармоқлар медиа ва креатив соҳалардаги кундалик фаолиятнинг бир қисмига айланиб бормоқда эканлигини тасдиқлади. Аммо талабалар бундан чиқарган асосий хулоса – технологиялар онгли ва профессионал ёндашувни талаб қилиши. Визуал контент келажаги нафақат алгоритмлар, балки улардан фойдалана оладиган инсонлар қўлидадир.
Тошкентдаги Пучон университетида SputnikPRO қандай ўтгани ҳақида Sputnik видеосида томоша қилинг.